«ПИСТАЛИ» КОНИДА ШИНА ПОРТЛАШИ ОҚИБАТИДА 2 НАФАР ИШЧИ ҲАЛОК БЎЛДИ
Навоий кон-металлургия комбинатининг «Пистали» конида автошина портлаши натижасида икки ишчи ҳалок бўлди. Ҳодиса 10 сентябрь куни содир бўлиб, ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар текширув олиб бормоқда.
Навоий кон-металлургия комбинатининг «Пистали» конида автомобиль шинасининг портлаши оқибатида икки нафар ишчи-ходим ҳалок бўлди. Ҳодиса 10 сентябрь куни содир бўлган.
«НКМК» АЖ Матбуот хизматининг маълум қилишича, бахтсиз ҳодиса соат 15:00 ларда «Қизилқум» кон бошқармаси Автомобиль транспорти бошқармаси «Пистали» 1-транспорт цехининг автомобиль шиналарини сақлаш майдонида юз берган.
Маълум бўлишича, ҳодиса қувур ташувчи автомашина тиркамасида шинамонтаж ишлари олиб борилаётган вақтда содир бўлган. Шина портлаши натижасида икки нафар ишчи-ходим вафот этган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, назорат қилувчи давлат ташкилотлари томонидан махсус текширув ўтказилиб, бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ва ҳолатлари ўрганилмоқда.
«НКМК» АЖ масъул хизматлари томонидан бундай бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Комбинат Матбуот хизмати ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг