АҚШ Мудофаа вазирлиги Пентагоннинг асосий қурол дастурлари бўйича ўтказилган синовларга доир 25 йиллик ҳисоботларни очиқ фойдаланишдан олиб ташлади. Илгари интернетда эркин кўриш мумкин бўлган ҳужжатлар энди фақат махсус рухсатга эга шахслар кириши мумкин бўлган ҳимояланган тармоқда сақланади.

Чеклов 2026 йил 30 июлда Пентагоннинг Операцион синовлар ва баҳолаш директори идораси – DOT&E раҳбари Эми Хеннингер ваколати асосида жорий этилган. Мудофаа вазирлиги ҳисоботлар ўчирилмаганини, балки ҳимояланган ва шахсни тасдиқлаш талаб этиладиган тизимга кўчирилганини билдирди.

Пентагон қарорни муайян ахборот сизиб чиқиши ёки киберҳужумга жавоб сифатида эмас, балки олдиндан кўрилган хавфсизлик чораси деб атади.

Вазирликка кўра, замонавий сунъий интеллект ва автоматлаштирилган маълумот таҳлили воситалари рақиб давлатларга турли очиқ манбаларда тарқоқ ҳолда турган махфий бўлмаган маълумотларни бирлаштириш имконини бермоқда. Натижада улар АҚШ қурол тизимлари, мудофаа инфратузилмаси ва мавжуд заифликлар ҳақида батафсил тасаввур ҳосил қилиши мумкин.

DOT&E АҚШ ҳарбий идоралари ўтказадиган қурол синовларини мустақил баҳолайди. Унинг йиллик ҳисоботларида йирик қурол дастурларининг самарадорлиги, ишончлилиги, жанг шароитида ишлаш қобилияти ва аниқланган техник камчиликлар ҳақида маълумотлар келтирилар эди. Идоранинг расмий сайтида ҳам йиллик ҳисобот Конгресс учун жамоатчиликка эълон қилиниши мумкин бўлган шаклда тайёрланиши қайд этилган.

Қарор шаффофлик тарафдорларининг танқидига сабаб бўлди. Project On Government Oversight ташкилоти вакили Грег Уильямс ҳисоботларни сайтдан олиб ташлаш АҚШ қонунчилигидаги очиқлик талабларига зид бўлиши мумкинлигини билдирди. Сенатор Элизабет Уоррен ҳам бундай чекловлар қурол дастурларидаги муаммо ва муваффақиятсизликларни жамоатчиликдан яшириш учун ишлатилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Бу қарор DOT&E идорасидаги катта қисқартиришлар ортидан қабул қилинди. АҚШ Ҳисоб палатаси – GAOнинг июнь ойидаги ҳисоботига кўра, ходимлар сони камайтирилиши қолган мутахассисларга кўпроқ қурол дастурларини назорат қилиш мажбуриятини юклаган ва айрим тизимлардаги камчиликлар аниқланмай қолиши хавфини оширган