РЕСПУБЛИКА ПАТОЛОГИК АНАТОМИЯ МАРКАЗИГА ХОЛИС ТЕКШИРУВ ЗАРУР
Республика патологик анатомия маркази ходимлари директор Дониёр Нишанов фаолияти, босим ва ҳақоратомуз муносабат, таниш-билишчилик ҳамда аутопсиялар бўйича қатор жиддий айбловларни илгари сурмоқда ва холис текширув ўтказилишини сўрамоқда.
Республика патологик анатомия марказида ишловчи ходимлар номидан Элтузарга юборилган мурожаатда таъкидланишича, марказ директори Дониёр Нишанов раҳбарликка келганидан сўнг муассасада босим кучайиб, ходимларга нисбатан ҳақоратомуз муносабат бўлмоқда, асоссиз тушунтириш хатлари ёздирилиб, хайфсанлар берилмоқда.
Дониёр Нишанов фаолиятидан норози бўлган собиқ ва амалдаги ходимлар турли идораларга, жумладан Telegram’даги каналлар, прокуратура, ДХХ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Олий Мажлисга бир неча бор шикоят билан мурожаат қилишди. Аммо мурожаат муаллифларига кўра, бу чиқишлардан натижа бўлмади.






Сўнгги икки йил ичида марказдаги кўплаб тажрибали ходимлар, жумладан олий тоифали ва илмий даражага эга патологоанатомлар ишдан кетди, улар билан меҳнат шартномалари узайтирилмади.
Ходимлар мурожаатида яна бир қатор даъволар илгари сурилган. Унга кўра, муассасада раҳбарга яқин шахслардан иборат “ёпиқ гуруҳ” шаклланган, текширувчилар эса асосан шу доира вакиллари билан суҳбатлашиб, қолган ходимларнинг эътирозларини тўлиқ ўрганмасдан ижобий хулоса бериб кетган.
Марказда айрим масъул лавозимларга раҳбарга яқин қариндош, қўшни ёки танишлар тайинланган. Хусусан, катталар патологияси бўлими, коррупцияга қарши кураш бўлими ва хўжалик ишлари бўйича айрим тайинловлар юзасидан холис текширув ўтказиш зарур.
Таниш-билишчилик ва босим иш жараёнига ҳам таъсир ўтказмоқда. Айрим ҳолатларда марҳумлар танаси аутопсия ўтказилмасдан, белгиланган тартибдан ташқари ҳужжатлар асосида бериб юборилгани, бу амалиётда ноқонуний келишувлар бўлгани иддао қилинмоқда.
Элтузарга арз қилган шикоятчилар бу иддаоларни тасдиқлаш учун ҳужжатлар, журналлар ва бошқа материаллар мавжудлигини билдиришди.
Шунингдек, мурожаатда марказнинг пуллик хизматларидан тушадиган маблағлар тақсимоти, хизмат сафарларига кимлар жалб қилинаётгани, муассасадаги асбоб-ускуналар ва иситиш тизимига оид мол-мулк ҳаракати ҳам текширув объекти бўлиши кераклиги таъкидланмоқда.
Директор лавозимга келган пайтда қатор вилоятларда патологик анатомия бюроларини ташкил этиш ва соҳани ривожлантириш бўйича ваъдалар берган, аммо эди. Ваъдалар Тошкент вилояти, Самарқанд, Навоий ва Сирдарё каби ҳудудларда қай даражада амалга оширилди?
Марказ фаолиятини Соғлиқни сақлаш вазирлиги эмас, нисбатан мустақил ва юқори даражадаги тузилмалар текширадими? Энг муҳими, бу текширувлардан бирор наф бўладими?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг