ПАСТДАРҒОМДА ФУҚАРО ЕРИДАГИ ТУТ ДАРАХТЛАРИ ЭКСКАВАТОР БИЛАН ҚЎПОРИБ ТАШЛАНДИ
Пастдарғом тумани Чандир қишлоғида фуқарога тегишли ердаги тут дарахтлари экскаватор ёрдамида илдизи билан қўпориб ташлангани айтилмоқда. Мазкур ҳолат бўйича масъул идоралардан расмий изоҳ ва ҳуқуқий баҳо кутилмоқда.
Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани Чандир қишлоғида фуқарога тегишли ер майдонидаги тут дарахтлари экскаватор ёрдамида илдизи билан қўпориб ташланди.
Элтузарга видеони юборган фуқаронинг даъвосига кўра, бошқа бир шахс унинг қонуний эгалик ҳуқуқи мавжуд бўлган ер ҳудудига рухсатсиз равишда оғир техника олиб кирган ва тут дарахтларини йўқ қилган.
Ер эгаси бу ҳолат ҳақида экология идораларига хабар беришини айтганида, унга “Ундан каттасига айт”, дея жавоб қайтарилгани билдирилмоқда.
Мурожаат муаллифининг таъкидлашича, воқеа юзасидан экологик назорат органларига хабар берилган. Бироқ ҳозирга қадар масъул идоралар томонидан амалий чора кўрилмаган ва расмий муносабат билдирилмаган.
Элтузар мазкур ҳолат юзасидан Пастдарғом тумани ҳокимлиги, туман ички ишлар бўлими ҳамда Самарқанд вилояти экология бошқармасидан расмий изоҳ ва ҳуқуқий баҳо кутади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг