ПАСТДАРҒОМДА БОЛАЛАР МАЙДОНЧАСИ ЎРНИДА ҚУРИЛИШ БОШЛАНДИ!
Пастдарғомнинг Эски Жума маҳалласида умумий фойдаланадиган автотураргоҳ ва болалар майдончаси ўрнида, номаълум тадбиркор томонидан ҳужжатлари баҳсли бўлган қурилиш бошланди. Маҳаллий аҳоли қурилишнинг қонунийлигига шубҳа билдирмоқда.
Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани Эски Жума маҳалласида истиқомат қилувчи аҳоли жиддий муаммога дуч келмоқда. Уларнинг айтишича, 2026 йил 26 апрель куни кўп қаватли уйларга тегишли бўлган умумий ер майдонида ноқонуний қурилиш ишлари бошланган.
Мазкур ҳудуд аввал аҳоли учун автотураргоҳ ва болалар ўйин майдончаси сифатида хизмат қилиб келган. Аммо ҳозирда номаълум тадбиркор томонидан ушбу ер эгалланиб, қурилиш ишлари олиб борилаётгани маълум бўлди.
Аҳоли вакиллари қурилиш ишларини олиб бораётган шахсдан тегишли ҳужжатларни талаб қилганида, у “ҳокимдан сотиб олганман, қарорим бор” дея жавоб берган. Бироқ, ушбу қарор аҳолига тақдим этилмаган ва унинг қонунийлиги бўйича жиддий саволлар туғилмоқда.
Маҳалла фуқаролари бундай ҳолатдан қаттиқ норози. Уларга кўра, кўп қаватли уйлар атрофидаги ерлар умумий фойдаланиш учун ажратилган бўлиб, унинг тақдири аҳоли манфаатларини ҳисобга олмасдан ҳал қилиниши мумкин эмас.
Айни пайтда аҳоли томонидан мутасадди ташкилотларга мурожаатлар тайёрланаётгани айтилмоқда. Улар мазкур қурилиш ишларини тўхтатиш, ҳолатни ўрганиш ва қонунийликка баҳо беришни талаб қилмоқда.
Мутахассислар бундай ҳолатларда ер ажратиш жараёнлари очиқ ва шаффоф бўлиши, айниқса, аҳоли манфаатларига дахл қилувчи қарорлар жамоатчилик билан келишилган ҳолда қабул қилиниши лозимлигини таъкидламоқда.
Ҳозирча расмий идоралар томонидан ушбу ҳолат юзасидан изоҳ берилгани йўқ.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг