«ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН»НИНГ «ЎРТА АСРЛАР» КЎЧАСИ
Паркент тумани Бўрсиллиқ маҳалласidagi Меҳр кўчаси ҳужжатларда 2018 йилда асфальтланган деб кўрсатилган, аммо аҳоли ҳали ҳам чанг ва лой ичида юрибди. Эътирозлар, «танловчан» таъмирлаш амалиёти ва мутасаддилар сукути ҳақида.
Тошкент вилояти Паркент тумани Бўрсиллиқ МФЙдаги Меҳр кўчаси аҳолиси йўл йиллардан бери асфальт қилинмаётганидан шикоят қилмоқда. Элтузарга йўлланган мурожаатга кўра, 200 дан ортиқ одам яшайдиган кўча ҳужжатларда 2018 йилда асфальтланган деб кўрсатилган, амалда эса аҳоли ҳали ҳам чанг ва лой кечиб юрибди.
Мурожаатчиларнинг айтишича, туман ҳокимига бир неча марта қилинган мурожаатлар жавобсиз қолган. Ҳоким, туман прокурори ва маҳалла раиси ҳам кўчага келиб, аҳолининг муаммосини эшитмагани айтилмоқда.
Кўчанинг аҳволи, айниқса, мактабга қатнайдиган болаларга қийинчилик туғдирмоқда. Аҳолига кўра, ўқувчилар ёзда кийимлари чангга ботиб, қишда эса лой бўлиб мактабга боради.
Мурожаатда йўлларни таъмирлашдаги эҳтимолий танловчанлик ҳам танқид қилинган. Унда Элмурод Тўхтабоевич Пўлатов Паркент тумани ҳокими этиб тайинланганидан кейин, у истиқомат қилиши айтилган Қўличи маҳалласида йўллар қайта асфальтланган. Муаллиф ҳатто одам яшамайдиган чекка жойларгача асфальт ётқизилганини ёзган.
Бир маҳаллага янги асфальт, бошқа кўчага эса йиллар давомида чанг ва лой – аҳоли бундай фарқнинг сабабини билмоқчи.
Мурожаатчилар Паркентнинг туризм имкониятлари ва Кумушкон қишлоғидаги «Kumushkon resort» дам олиш маскани ҳақидаги баландпарвоз гаплар фонида оддий кўчанинг муаммоси эътиборсиз қолаётганини таъкидламоқда.
Уларнинг эътирози тушунарли: одамлар дам олиш масканига ҳар куни бормайди. Аммо уйидан чиқиш, ишга ва мактабга бориш учун шу йўлдан ҳар куни юришга мажбур.
Паркент тумани ҳокимлиги Меҳр кўчаси 2018 йилда асфальтлангани ҳақидаги иддаога аниқлик киритиши керак: бу иш учун маблағ ажратилганми, ишни қайси пудратчи бажарган ва ким қабул қилган? Агар кўча асфальтланмаган бўлса, аҳоли қачон соз йўлдан юради?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг