Элтузар таҳририятига Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимидаги вазият ҳақида навбатдаги мурожаат келиб тушди. Мактуб муаллифи ЎзМТРКда айрим раҳбарлар ва ходимларга нисбатан турлича муносабат қўлланилаётгани, бир томондан тажрибали ва фидойи кадрлар ишдан четлаштирилаётган бўлса, иккинчи томондан молиявий қонунбузарликлар ҳақидаги иддаоларга қарамай айрим мансабдорлар ўз лавозимларида қолиб кетаётганини таъкидлайди.

Мурожаатда узоқ йиллар «Спорт» телеканалига раҳбарлик қилган Зоҳид Каримовнинг ишдан кетиши, «Нурафшон» ва «Ёшлар» телеканаллари фаолиятига оид қатор иддаолар ҳам тилга олинган. Муаллиф келтирган маълумотлар мустақил равишда тасдиқланган эмас. Элтузар ушбу мурожаатдаги иддаолар юзасидан қўшимча маълумот ва ҳужжатларни ўрганишда давом этади ҳамда муносабат билдириш истагида бўлган барча томонларга сўз беришга тайёр.

“Ассалому алайкум, ҳурматли Элтузар жамоаси. ЎзМТРКда қобилиятли кадрларнинг ишлаши раҳбариятга маъқул кўринмайди.

Гап шундаки, 10 йил Спорт телеканалига раҳбарлик қилган Зоҳид Каримов Миллий телерадиокомпания тизимидан бутунлай бадарға қилинди.

Унга кўп гонорар ўзлаштириш айби тиргалди ва одатдагидек ўз аризаси билан ишдан бўшатилди.

Аслида 25 йил бир жойда меҳнат қилган ходим иш жойидан шунчаки ариза билан бўшаб кетмайди.

Ўз касбига фидоий инсон, ҳар қандай ҳолатда ҳам, севган касбини ташлаб кетмайди. Аммо, вазият шунга мажбур қилса, у ўзи ҳоҳламаган ишни қилишга мажбур бўлади.

Аслида Даврон Файзиев, Хайрулла Ҳамидовдек дарғалар билан иш бошлаган, сиёсатдан анча узоқ бўлган спорт шарҳловчиси ўзи ҳоҳлаб ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзмаган бўлса керак.

Нима учун “Нурафшон” телеканалида миллиардлаб маблағни ўмарган Олимжон Бегалиев ёки унинг ҳамтовоғи Суннат ишдан кетмай турган бир пайтда ЎзМТРКдан фидоий ходимлар ишдан кетиши керак?

Ўтган ҳафта Душанба куни ЎзМТРКда ўтган йиғилишда раис томонидан “Нурафшон” телеканалидаги қинғирликлар очиб ташланди.

Мажлисда баён қилинишича, телеканал директори Бегалиев ва унинг ҳамтовоғи Суннатилла ўзларининг иккинчи хотинларига ҳар куни гонорар ёзишган. (Бу ҳақдаги фактларни тақдим қиламиз)

Бу ҳолатдан кўпчилик хабардор бўлса-да, ҳеч ким лом-лим демаган. Аммо Зоҳид Каримовни арзимас айби билан ишдан бўшатишди.

Яна бир маълумот, “Ёшлар” телеканалида яқинда иш бошлаган директор ўринбосари Раҳматилла Сатторов ўзи ва яқинларига миллионлаб маош белгилайди.

Аммо телеканал ходимлари учун келаётган ичимлик сувини нг ҳам пулини иқтисод қилиб, бермасликка ҳаракат қилади.

Сувсизликдан қийналаётган телеканал ходимлари бу ҳолатни бировга айтишга журъат қила олмайдилар. Журъат қилган ходимнинг ҳолига маймунлар йиғлайди.

Бизда ҳозирча шулар. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.”