ЎЗДЖТУ ЖАМОАСИ РАҲБАРИЯТДАН НЕГА НОРОЗИ?
ЎзДЖТУда ректор Илҳом Тухтасинов шахси, унинг тайинлови атрофидаги шубҳалар ва деканлар зимнига қаратилган текширувлар нега жамоа норозилигини кучайтирмоқда? Элтузар манбалари университетдаги ҳолатга рационал тавсиялар берди.
ЎзДЖТУ ахборот хизмати Элтузар хабаридан сўнг мавжуд эски хабарни таҳрирлаб, вазирлик ўзгаришларини қайд этди. Университет канали кузатувчилари эски хабар таҳрири айнан 14 октябрда бўлганини таъкидлашмоқда. Буни Элтузарнинг мустақил текшируви ҳам тасдиқлади.
Энди, телеграмда таҳрирланган бир хабар, мужмал тайинловлар масаласидан чекиниб ректор Илҳом Тухтасиновни жамоа деярли 4 йилдан буён нега қабул қилолмаётгани ҳақида мулоҳазаларни билдирсак.
Илҳом Тухтасинов муқаддам бу университетнинг масъул лавозимларида ишлаган. Шундан сўнг Самарқанд давлат чет тиллар университетида бир муддат ректорлик қилди. Бунинг ортидан ЎЗДЖТУ ректори этиб тайинланди.
«Тухтасинов ЎзДЖТУ декани бўлган чоғида «бункер»нинг таркибида бўлиб, абитуриентларни ўқишга киргазиб қўйиш учун пора олгани жамоага маълум. Шу даромадлар ортидан ректорлик лавозимини сотиб олган деган гумон тобора ҳақиқатга яқинлашиб боряпти. Сабаби, ректор ўз мутахассислиги бўлган тилда базўр гапиради. Унинг бадиий таржималари ҳам асли иқтидорли талабалар томонидан амалга оширилган. Шу кадрни мамлакатнинг ягона йирик тил гиганти бўлган университетга тайинловини қандай оқлаш мумкин?»
Маълумотларга кўра, факултетлар фаолиятини ички текширув қилиш «тилни қисиш», тирноқ остидан кир қидиришнинг бир усулига айланган. Текширув, тафтиш баҳонасида ректорга терс бўлган деканлар ва бошқа масъуллар сиқиб чиқарилади.
«Бир пайтлар Азизов ректорлигида дарс сифати биринчи ўринда турарди. Улуғбек Азизовнинг билими ўткир, хорижий тили бурро эди. Дарсларни бирма-бир кириб текширадиган одати бор эди унинг. Маънавий тадбирлар ва ҳоказо фото ҳисоботларга урғу бермасдан фақат «дарс – муқаддас» деган кайфият устивор эди. Ақлли кадрлар сифат учун курашади, лекин томоша кўрсатиш, ясама фото ҳисоботларни уюштиришни билмайди улар. Ҳозир университет мана шу соҳтакорлик ботқоғининг энг тубида…»
Элтузар бу ҳиссий хабарларни объектив баҳолашдан йироқ. Биз ўта рационал тавсиялар берамиз. Университетнинг аккредитация текшируви чоғида раҳбар кадрларнинг тил билиш кўникмаларини обдон текшириш лозим. Ректорат таркибида деярли барча 0,5 штатда ўқитувчилик ҳам қилади. Уларнинг тил билиш кўникмалари ва педагогик маҳоратини текшириш шарт. Дарсга кириб бориш шарт эмас, шунчки камера ёзувларини кўриб чиқиш етарли бўлади.
Яна бир ҳазил аралаш чин тавсия: минг мақталган даврда ҳам шу университет тартибизлик ва билимсизлик ўчоғи бўлган. Шундай экан, тайинловларда тил билиш кўникмасини алоҳида текшириб кейин қарор қилиш механизмларинэ жорий қилиш шарт. Бир маърузани тўлиқ хорижий тилда ўтолмайдиган овсарларнинг бу университет раҳбар курсиларида ўтириши – шармандалик.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг