ЎЗБЕКЛАРДА ДОРИГА ҚАРАМЛИК КУЧАЙМОҚДА
Ўзбекистонда фармацевтика ишлаб чиқариши 30 фоизга ўсди, дорихоналар сони ҳам кескин ошиб бормоқда. Бироқ мутахассислар ортиқча дори истеъмоли, ўзини ўзи даволаш ва реклама таъсирида дорига қарамлик кучайиб, соғлиққа хавф туғдираётганини таъкидламоқда.
Ўзбекистонда фармацевтика саноати жадал суръатларда ривожланмоқда. Буни ривожланиш дейиш ҳам аслида хото. Мавжуд маълумотлар таҳлилига кўра, 2026 йилнинг январ–апрел ойларида йирик корхоналар томонидан қарийб 1,9 триллион сўмлик асосий фармацевтика маҳсулотлари ва препаратлари ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 30 фоизга ошган.
Ишлаб чиқариш ҳажми бўйича Тошкент шаҳри мутлақ етакчилик қилмоқда. Пойтахт ҳиссасига 1,2 триллион сўмлик маҳсулот тўғри келади. Кейинги ўринларда Сирдарё, Тошкент, Наманган ва Самарқанд вилоятлари қайд этилган.
Рақамлар фармацевтика саноатининг ўсаётганини кўрсатса-да, бу ҳолат жамиятда айрим саволларни ҳам туғдиради. Сўнгги йилларда дорихоналар сонининг кескин кўпайгани, айниқса шифохоналар ва тиббиёт муассасалари атрофида аптекаларнинг зич жойлашган. Бу манзара ўта ачинарли.
Мутахассислар орасида ҳам, жамоатчилик орасида ҳам дориларни ортиқча истеъмол қилиш масаласи тез-тез муҳокама қилинади. Айрим беморлар оддий касалликлар учун ҳам бир нечта дори воситалари тавсия қилинаётганидан шикоят қилади. Натижада аҳолининг дори воситаларига қарамлиги ортаётгани, ўзини ўзи даволаш ҳолатлари кўпаяётгани ҳақидаги фикрлар ҳам мавжуд.
Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида дори воситалари рекламаларининг кўплиги ҳам бор гап. Рекламалар аҳолининг маълум препаратларга бўлган қизиқишини оширади. Рекламанинг кучи билан ўша дорига муҳтож беморлар сони ортиб боради. Касал одамда гўёки шу дорини ичсам тузаламан деган тушунча пайдо бўлади. Унда янги касаллик мания пайдо бўлади. Мияси шу дорини ичмагунча ҳотиржам бўлмайди.
Албатта, фармацевтика ишлаб чиқаришининг ўсиши мамлакатнинг дори-дармон билан таъминланиши, импортга қарамликнинг камайиши ва янги иш ўринлари яратилиши нуқтаи назаридан ижобий ҳолатдир. Бироқ бу жараён билан бир қаторда дори воситаларидан оқилона фойдаланиш, асоссиз рецептлар ва ўзини ўзи даволаш ҳолатларининг олдини олиш ҳам долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Афсуски, фармацевтика саноатидаги ўсиш аҳолининг соғлиғи яхшиланаётганидан далолат эмас. Кундан кунга касалликлар сони ортмоқда, одамларда дори воситалари ортидан ҳам турли касалликлар ортиб бормоқда. Бунда кишиларда дори истъмолига бўлган маданиятни ошириш, рекламага учмаслик иммунитетини ошириш зарур.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг