Ўзбекистон Марказий банки капитал ҳаракати билан боғлиқ айрим валюта операцияларини соддалаштирди.

Янги тартибга кўра, жисмоний шахслар хорижга бир календарь йили давомида 10 минг долларгача маблағни алоҳида рухсатномасиз инвестиция қилиши мумкин бўлади.

Шунингдек, давлат улуши мавжуд бўлмаган юридик шахслар хорижга йилига 200 минг долларгача, давлат иштирокидаги корхоналар эса 100 минг долларгача инвестиция кирита олади.

Янги қоидаларга мувофиқ, фуқаролар хорижий компаниялар капиталида иштирок этиш ёки уларнинг устав капиталини шакллантириш учун маблағ йўналтириши мумкин.

Бунда хорижий брокерлик ва инвестиция ҳисобварақларини тўлдириш фақат лицензияланган инвестиция воситачилари орқали амалга оширилади.