ЎЗБЕКЛАР ҲАМОН COBALT-НИ АФЗАЛ КЎРМОҚДА
2026 йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ҳар учинчи енгил авто Cobalt бўлди. Нарх-сифат мутаносиблиги, тежамкорлиги ва эҳтиёт қисмларнинг мавжудлиги ушбу моделни ички ва қўшни бозорларда етакчи ўринга олиб чиқмоқда.
Мавжуд маълумотлар таҳлилига кўра, 2026 йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистонда 190 480 дона енгил автомобиль ишлаб чиқарилган. Шундан 69 302 донаси Cobalt бўлиб, мамлакатда ишлаб чиқарилган ҳар учинчи янги автомобиль айнан ушбу русум ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу рақам Cobalt’нинг нафақат бозорда, балки аҳоли ишончида ҳам етакчи ўринни эгаллаганини кўрсатади.
Cobalt нинг оммалашишига бир нечта муҳим омиллар сабаб бўлмоқда. Аввало, унинг нархи ва таклиф этаётган имкониятлари ўртасидаги мутаносиблик кўпчилик учун жозибадор. Машина кундалик фойдаланиш учун қулай, ёқилғи сарфи нисбатан тежамкор, эҳтиёт қисмлари эса мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида мавжуд. Таъмирлаш харажатлари ҳам бошқа кўплаб моделларга нисбатан анча арзон.
Яна бир муҳим жиҳат – Cobalt Ўзбекистоннинг йўл ва иқлим шароитида ўзини яхши намоён этган автомобиль сифатида танилган. Оилавий сафарлар, шаҳар ичидаги ҳаракат ва узоқ масофалар учун ҳам мос келиши унинг талабини янада оширмоқда. Шунингдек, иккиламчи бозорда ҳам Cobalt’га талаб юқори бўлгани сабабли уни кейинчалик сотиш нисбатан осон.
Сўнгги йилларда ушбу модель нафақат ички бозорда, балки қўшни давлатларда ҳам харидорлар эътиборини тортмоқда. Айниқса, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби мамлакатларда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган автомобилларга қизиқиш ортиб бормоқда. Бунда автомобильнинг ишончлилиги, техник хизмат кўрсатишнинг соддалиги ҳамда эҳтиёт қисмларининг осон топилиши муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ва савдо алоқаларининг кенгайиши ҳам автомобиль экспорти учун янги имкониятлар яратмоқда.
Мутахассислар фикрича, келгусида ҳам аҳоли учун ҳамёнбоп, эксплуатацияси арзон ва ишончли автомобилларга талаб юқори бўлиб қолади. Шу нуқтаи назардан қаралганда, Cobalt яқин йилларда ҳам Ўзбекистон автомобил бозорида етакчиликни сақлаб қолиши эҳтимоли юқори.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг