Сурхондарё вилояти Ангор туманида “Ўзбеккосмос” агентлиги маълумотлари асосида аниқланган ноқонуний қурилиш тафтиши бошланди.

Ушбу тафтиш Бош прокуратурада назорат инспекциялари фаолияти, маиший коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича ўтказилган муҳокамалардан кейин бошланди. 2025 йил 1 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида назорат-текширув идоралари фаолиятидаги камчиликлар танқидий кўриб чиқилган.

Йиғилишда “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан тақдим этилган сарф-харажат эҳтимоли юқори бўлган объектларни аниқлаш, улар бўйича ваколат доирасида чора кўриш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирокида ўрганиш ўтказиш вазифалари белгиланган.

Шундан сўнг, 2025 йил 13 ноябрь куни Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясида ушбу масала юзасидан селектор йиғилиши ўтказилди. Унда ҳудудларда аниқланган ҳолатларни ўрганиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Ангор туманидаги фермер хўжалиги ер майдонида аниқланган ноқонуний қурилиш бўйича қабул қилинган қарор ва масъул шахслар ҳаракати юзасидан шубҳалар юзага чиқди.

Ҳозирча ушбу ҳолат бўйича ваколатли органлар томонидан якуний расмий маълумот ёки суд қарори эълон қилинмади. Келтирилган айбловларга ҳуқуқий баҳо берилиши ва масъул идоралар томонидан расмий муносабат билдирилишини кутамиз.