2026 йилнинг январь-апрель ойларида 16 мингдан ортиқ ўзбекистонлик Таиландга сафар қилди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, тўрт ой давомида 16 291 нафар Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда ушбу мамлакатга «ўйнагани борган».

Яъни 15 189 нафар фуқаро дам олиш ва саёҳат мақсадида Таиландни танлаган. Фақир фуқаро деб ҳам бўлмас энди буларни. Қолган 996 нафар фуқаро қариндошларини йўқлаш, 53 нафари даволаниш, 34 нафари хизмат сафари ва 19 нафари таълим олиш мақсадида ушбу мамлакатга борган.

Сўнгги йилларда Таиланд ўзбекистонликлар учун энг машҳур хорижий сайёҳлик йўналишларидан бирига айланди. Бунга авиақатновларнинг кўпайиши, тропик иқлим, нисбатан арзон дам олиш имкониятлари ҳамда визасиз тартиб катта таъсир кўрсатган эди.

Бироқ яқин вақтда бу кўрсаткичларда пасайиш кузатилиши мумкин. Чунки Таиланд ҳукумати 2026 йил 15 июлдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари учун амалдаги визасиз режимни бекор қилишни режалаштирмоқда.

Янги тартибга кўра, мамлакатга сафар қилиш учун олдиндан электрон виза (e-Visa) расмийлаштириш талаб этилади. Мутахассислар фикрича, қўшимча ҳужжатлаштириш жараёнлари ва виза харажатлари айрим сайёҳларнинг режаларига таъсир қилиши мумкин. Натижада Таиландга борувчи ўзбекистонликлар сони қисқа муддатда камайиши эҳтимоли мавжуд.

Шунга қарамай, Таиланд ўзининг машҳур курортлари, ривожланган туризм инфратузилмаси ва қулай дам олиш имкониятлари билан ўзбекистонлик сайёҳлар учун энг жозибадор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.