ЎЗБЕКИСТОНЛИКЛАР ТЕЛЕФОННИНГ МУККАСИДАН КЕТМОҚДА
«Юксалиш» ҳаракати ва ҳамкорлари ўтказган сўров натижалари ўзбекистонликлар кундалик ҳаётида Telegram, Instagram ва YouTube қай даражада муҳим ўрин тутayotganини очиб берди. Телефон вақт ўтказиш воситасидан ташқари, таълим ва даромад манбаига ҳам айланмоқда.
Бугун ижтимоий тармоқлар ўзбекистонликларнинг кундалик ҳаётидан мустаҳкам ўрин эгаллади. Телефон нафақат мулоқот воситаси, балки янгиликлардан хабардор бўлиш, таълим олиш, дам олиш ва даромад топиш манбаига ҳам айланди. 2026 йилда ўтказилган ижтимоий сўров натижалари аҳоли орасида рақамли платформалардан фойдаланиш кўлами анча кенг эканини кўрсатмоқда.
«Юксалиш» ҳаракатининг «Opinions» социологик тадқиқотлар маркази Ижтимоий ва иқтисодий ташаббуслар институти билан ҳамкорликда ўтказган сўровда мамлакатнинг 14 та ҳудудидан 1 371 нафар респондент иштирок этган. Натижаларга кўра, иштирокчиларнинг 88,9 фоизи Telegram, 73,5 фоизи Instagram, 61,8 фоизи YouTube ва 24,7 фоизи Facebook’дан фойдаланишини билдирган. Бу рақамлар ижтимоий тармоқлар аҳоли ҳаётида қанчалик муҳим ўрин эгаллаётганини кўрсатади.
Платформалар орасида Telegram алоҳида ўринга эга. Мавжуд ҳисоб-китобларда Ўзбекистондаги унинг аудиторияси тахминан 25 миллион нафар деб баҳоланган. Бу платформадан хабар алмашиш, янгиликларни кузатиш, турли каналлар орқали маълумот олиш ва тижорат мақсадларида фойдаланилади. Instagram эса визуал контент ва қисқа видеолар орқали аудиторияни жалб қилса, YouTube таълимий роликлар, кўнгилочар дастурлар ва таҳлилий материаллар учун кенг имконият яратади.
Хўш, одамлар ижтимоий тармоқларда вақтларини нимага сарфламоқда? Сўровда қатнашганларнинг 69,9 фоизи дўстлари ва оила аъзолари билан мулоқот қилишни, 64 фоизи янгиликларни кузатишни асосий мақсад сифатида кўрсатган. Шунингдек, 43,8 фоиз таълим олиш, 42,2 фоиз кўнгилочар контент томоша қилиш, 40,6 фоиз эса даромад топиш ва касбий мақсадлар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини билдирган. Демак, рақамли платформаларнинг вазифаси оддий вақт ўтказишдан анча кенг.
Бироқ ижтимоий тармоқларга сарфланаётган вақт ҳам эътиборга молик. Сўров натижаларига кўра, нафақадагиларнинг 54 фоизи, уй-рўзғор ишлари билан банд респондентларнинг 43,7 фоизи кунига икки соатдан ортиқ вақтни ижтимоий тармоқларда ўтказади. Бу кўрсаткич талабалар орасида 32,7 фоизни, мактаб ўқувчилари орасида эса 27,3 фоизни ташкил этган. Албатта, экран қаршисида кўп вақт ўтказишнинг ўзи қарамликни англатмайди. Аммо бу ҳолат вақтдан оқилона фойдаланиш масаласини кун тартибига олиб чиқади.
Ижтимоий тармоқларда кечки фаолликнинг юқорилиги ҳам диққатга сазовор. Telegram аудиторияси бўйича келтирилган таҳлилда фойдаланувчилар фаоллигининг энг катта улуши соат 20:00 дан кейинги вақтга тўғри келиши қайд этилган. Бу иш ёки ўқишдан кейин одамлар телефонга кўпроқ мурожаат қилишини кўрсатиши мумкин. Бироқ ушбу кўрсаткични барча ўзбекистонликларга бирдек татбиқ этиш тўғри эмас: у муайян таҳлил моделига асосланган.
Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Ижтимоий тармоқлар орқали инсонлар янги билимларни ўзлаштириши, касбий кўникмаларини ривожлантириши, мижоз топиши ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши мумкин. Айни пайтда текширилмаган хабарлар, сохта маълумотлар, кераксиз контент ва узлуксиз видео томоша қилиш вақтнинг самарасиз сарфланишига олиб келади. Айниқса, ёшлар орасида медиасаводхонликни ошириш, ахборотни танқидий баҳолаш ва рақамли одатларни назорат қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтганда, ўзбекистонликларнинг ижтимоий тармоқларга қизиқиши рақамли ҳаёт тарзининг тобора кучайиб бораётганини кўрсатади. Муаммо телефондан фойдаланишнинг ўзида эмас, балки унга қанча вақт ва қандай мақсадда сарфланаётганида. Агар ижтимоий тармоқлар билим олиш, мулоқот ва ривожланиш воситаси бўлса, уларнинг фойдаси катта. Аммо телефон инсон вақтини бошқара бошласа, бу одатни қайта кўриб чиқиш вақти келган бўлади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг