ЎЗБЕКИСТОНГА ЯПОНИЯДАН ТУРИСТЛАР ОҚИМИ КЕСКИН ОРТМОҚДА
Япониядан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони кескин ошди: 2026 йил январь–март ойларида 6 925 нафар япон фуқароси мамлакатимизга ташриф буюрди, бу ўтган йилга нисбатан деярли икки баробар кўпдир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозоридаги жозибадорлиги хорижликларни эътиборини тортмоқда. Айниқса, Шарқий Осиё давлатлари, хусусан Япониядан келаётган сайёҳлар сонида сезиларли ўсиш кузатиляпти.
Бу эса мамлакатда туризм инфратузилмасини яхшиланаётгани, маданий мерос объектларини тарғиб қилиш кучайганини ва халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш борасида амалга ишлар сабаб дейиш мумкин.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–март ойларида жами 6 925 нафар Япония фуқароси Ўзбекистонга ташриф буюрган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан қарийб 2 баробар кўп.
Япониялик меҳмонларнинг асосий қисми мамлакатимизга сайёҳлик мақсадида келган.
Шунингдек, сайёҳлик учун 6 356 нафар, қариндошларни йўқлаш учун 270 нафар, хизмат юзасидан 253 нафар, ўқиш учун 45 нафар ҳамда даволаниш учун 1 нафар япон келган.
Мутахассислар фикрича, япон сайёҳларининг Ўзбекистонга қизиқишига Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарларнинг бой тарихий мероси, миллий анъаналар, хавфсиз туристик муҳит ҳамда транспорт қатновларининг яхшиланиши асосий омил бўлмоқда.
Шунингдек, икки давлат ўртасида маданий-гуманитар алоқаларнинг кенгайиши, туризм соҳасидаги қўшма лойиҳалар ва халқаро кўргазмаларда Ўзбекистоннинг фаол иштироки ҳам туристлар оқими ортишига хизмат қилмоқда.
Туризм соҳасидаги бу динамика Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижи мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг