Россиянинг Ўзбекистондаги пропаганда машинасига айланган ВГИК филиали ойлик маошларни тўлолмай қарзга ботяпти. 2025-2026 ўқув йили якунланганига қарамай, Ўзбекистондаги С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК) филиалида дарс ўтган айрим профессор-ўқитувчиларга бир йил давомида ҳисобланган иш ҳақи ҳалигача тўлаб берилмади.

Элтузарга келиб тушган мурожаатда таъкидланишича, муассасада дарс ўтмаган айрим шахсларга мунтазам маош тўланган, раҳбариятга яқин ходимлар иш ҳақини ўз вақтида ва юқори миқдорда оляпти.

Раҳбарият ходимларга нисбатан таҳдид ва ҳақоратлар ёғдириб, меҳнат қонунчилиги талабларига зид равишда ишдан бўшатиб юборяпти.

Мурожаатда талабаларнинг дарсларга қатнашиш даражаси пасайгани, бу таълим сифати билан боғлиқлиги қайд этилади. Бундан ташқари, сўнгги икки йил давомида талабалар, ота-оналар ва ходимларнинг мурожаатлари қабул қилинмайди, рўйхатдан ўтказилмасдан қайтариб юборилади. Педагоглар ўз норозилигини билдирганидан сўнг улар мулоқот қилиб турган чат раҳбарият томонидан ўчириб юборилди.

Россиянинг “улуғ” кино олийгоҳи Тошкентда нимани яширяпти? Элтузарга тақдим этилган ушбу аудиода маошсиз қолган ўқитувчилар, қабул қилинмаган мурожаатлар ва ички босим ҳақида сўз боради. Видеони охиригача кўринг ва ўзингиз хулоса қилинг.

Элтузар мурожаат муаллифлари шахсини ошкор этмайди. Айни пайтда мазкур иддаолар юзасидан ВГИК филиали раҳбариятининг расмий муносабати мавжуд эмас. Бундай муносабат билдирилмаса ҳам керак. Империалистик амбицияларга эга «улуғ»  Россия олийгоҳи ҳатто ходимларининг маошини тўлаб беролмаётгани, бу совуқ ўлканинг асл имконият даражасини фош қилади.