ЁЛҒОН ШИКОЯТЛАРГА ҚУРИЛГАН ЦЕНЗУРА
RSF маълумотига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистонда мустақил медиа ва журналистлар ижтимоий тармоқларда сохта муаллифлик ҳуқуқи ва товар белгисига оид ёлғон шикоятлар асосида блокланмоқда, бу эса амалий цензура воситасига айланиб бормоқда.
Марказий Осиёда мустақил журналистикага қарши янги босим усули шаклланмоқда. Халқаро “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) ташкилоти чиқарган мақолага кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистондаги мустақил оммавий ахборот воситалари ижтимоий тармоқларда сохта муаллифлик ҳуқуқи ва товар белгисига оид шикоятлар орқали нишонга олинган.
Ўзбекистонда бу босим айниқса мустақил ва танқидий руҳдаги медиа платформаларга қарши қаратилгани кузатилмоқда.
2026 йил бошидан буён Прагада фаолият бошлаган муҳожирдаги нашр — Eltuzar (собиқ Элтуз) бир неча бор ҳужумларга учради. Таҳририят маълум қилишича, унинг Telegram’даги учта канали шахсий маълумотларни тарқатишда айбланган сохта шикоятлар ортидан ўчирилган. Instagram саҳифаси эса бир дақиқа ичида юборилган қалбаки муаллифлик ҳуқуқи шикоятлари сабабли блокланган. Шунингдек, Meta платформасида расман тасдиқланган аккаунт белгиси ҳам бекор қилинган.
5 май куни Eltuzar-нинг Telegram муҳокама гуруҳи “ноқонуний порнографик контент” тарқатган деган даъво билан вақтинча тўхтатилди. Кейинчалик таҳририят қарор устидан шикоят қилгач, гуруҳ қайта тикланди. Бу 96 кун ичида мазкур медиага қарши тўртинчи блоклаш ҳолати бўлди. Шу билан бирга, нашр номидан очилган сохта аккаунтлар эса тармоқларда ишлашда давом этмоқда.
Бундай ҳолатлар якка эмас.
2026 йил февраль ойида ўзбек журналисти Ринат Сагитовнинг YouTube канали ҳам ўчирилди. Каналга қарши “Shokir Rafikov” номи билан берилган шикоятлар сабаб бўлган. Аммо RSF текшируви бу шахс ҳақиқатан мавжудлигини ёки кўрсатилган шахс канал маъмури эканини тасдиқлайдиган далилларни топа олмаган.
Яна бир ҳолатда Канадада яшовчи ўзбек журналисти Улуғбек Хайдаровнинг Facebook саҳифаси блокланган. Шикоят Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — UzA номи билан юборилган бўлса-да, у агентликнинг расмий электрон почтасидан эмас, балки журналист Алексей Волосевич номи қўлланган Gmail манзилидан берилган. Волосевичнинг ўзи бу манзилга ва шикоятларга мутлақо алоқаси йўқлигини билдирган ҳамда Facebook’ка расмий мурожаат қилган, аммо жавоб олмаган.
Ҳужумлардан AsiaTerra нашри ҳам четда қолмади. Апрель ойи бошида унинг Facebook саҳифаси кетма-кет тушган шикоятлар туфайли ўчирилди, кейин тикланди, аммо 9 май куни яна янги шикоятлар тўлқинидан кейин қайта блокланди.
Шунга ўхшаш шикоятлар сатирик Rassom Tuz саҳифасига қарши ҳам ишлатилган. Бу ерда ҳам мустақил журналистлар ва медиа номидан сохта аккаунтлар орқали мурожаат қилингани айтилмоқда.
RSF бу вазиятни жиддий хавф сифатида баҳоламоқда. Ташкилот фикрича, платформаларда шикоят юборувчилар шахсини ишончли текшириш тизими йўқлиги сабабли, контент модерацияси сиёсий босим қуролига айланиб қолмоқда. Натижада жамоатчилик учун муҳим бўлган журналистик материаллар йўқолмоқда, мустақил овозлар эса аудиториядан узилмоқда.
RSF Meta ва YouTube компанияларига мурожаат қилиб, нега вақтинчалик электрон почталар ва сохта шахслар номи билан берилган шикоятлар оммавий блокировкаларга сабаб бўлганини сўраган. Материал чоп этилган вақтга келиб, YouTube жавоб бермаган, Meta эса муносабат билдиришини айтган бўлса-да, расмий изоҳ тақдим этмаган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг