ЎЗБЕКИСТОНДА ТУРИЗМ ЎСМОҚДА
2026 йил январь–май ойларида Ўзбекистонга 5,35 млндан ортиқ турист ташриф буюрди - ўтган йилга нисбатан 27,3 фоизга кўп. Туристлар орасида қўшни давлатлар фуқаролари етакчи, Россиядан келувчилар сони эса 465 минг нафардан ошиб, ўз ўрнини сақлаб турибди.
2026 йилнинг январь–май ойларида Ўзбекистонга 5,35 миллион нафардан зиёд хорижий турист ташриф буюрган. Мавжуд маълумотлар таҳлилига кўра, бу ўтган йилга нисбатан даврига нисбатан 1,1 миллион нафарга яъни 27,3 фоизга кўп.
Туристлар оқимининг асосий қисмини қўшни давлатлар — Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон фуқаролари ташкил этмоқда. Бироқ мазкур ташрифларнинг катта қисми қисқа муддатли сафарлар, қариндош-уруғларни зиёрат қилиш, савдо-сотиқ ёки хизмат сафарлари билан боғлиқ.
Статистикага назар ташланса, Россиядан келганлар сони ҳамон юқори даражада сақланиб қолмоқда. Жорий йилнинг дастлабки беш ойида Ўзбекистонга 465 минг нафардан ортиқ россиялик ташриф буюрган. Бу кўрсаткич Россия фуқароларининг мамлакатимизга бўлган қизиқиши ҳануз юқори эканини кўрсатади.
Мутахассислар таъкидлашича, Россиядан келувчиларнинг маълум қисми бошқа давлатлардан келувчи сайёҳлардан фарқли равишда узоқ муддат мамлакатда қолишга интилади. Улар орасида уй-жой сотиб олаётганлар, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўяётганлар ва маҳаллий иқтисодий ҳаётда фаол иштирок этаётганлар ҳам учрамоқда.
Сўнгги йилларда Тошкент шаҳри ва айрим йирик ҳудудларда кўчмас мулкка бўлган талабнинг ошишида ҳам чет эллик харидорлар, жумладан россияликларнинг ҳиссаси борлиги қайд этилмоқда. Бу эса бир томондан инвестициялар ва хизматлар бозорининг ривожланишига туртки бераётган бўлса, иккинчи томондан уй-жой нархларининг ўсишига таъсир кўрсатаётган омиллардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистонга келаётган туристлар сонининг ортиши нафақат туризм соҳасининг ривожланаётганини, балки мамлакатнинг иқтисодий жозибадорлиги ҳам ошиб бораётганини англатади. Айниқса, Россиядан келувчиларнинг муайян қисми қисқа сафар билан чекланиб қолмай, мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётида иштирок этаётгани бу жараённинг муҳим хусусияти ҳисобланади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг