Ўзбекистонда давлат олий таълим ташкилотлари ректорларини тайинлаш жараёни ўта марказлашган. 2026 йил 3 апрелда тасдиқланган «Олий таълим тўғрисидаги низом»га кўра, давлат ва давлат улуши мавжуд олий таълим ташкилоти ректори тегишли вазирлик ёки идора раҳбарининг тавсиясига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Демак, тегишли вазирлик ёки идора номзодни тавсия этади, Президент Администрацияси билан келишилади ва якуний тайинлов Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади. 2026 йилдан Ўзбекистонда ректорликка номзодларни тайёрлаш соҳасида янги механизм ҳам пайдо бўлди. «Янги Ўзбекистон» университетида давлат олий таълим ташкилотлари ректори ва директори лавозимига номзодларни тайёрлайдиган «Ректорлар мактаби» дастури жорий қилинди. Унга камида 30 ёшга тўлган, магистр даражасига, олий таълим соҳасида камида беш йиллик иш тажрибасига, шу жумладан камида икки йиллик раҳбарлик тажрибасига эга номзодлар очиқ танлов асосида қабул қилинади. Ҳозирча бу ўзгаришнинг бирор ижобий натижаси кўзга кўринмади.

Давлат университетлари раҳбариятининг аксари гуруҳбозлик, бюрократия ва вазирлик топшириқларини қуйига босим билан «бажартириш», ёлғон ҳисоботлар билан банд. Ҳатто ишонган тоғимиз, топинган боғимиз деганимиз «Янги Ўзбекистон» университетида эам ректор важамоа орасида проректор деган тўсиқ бор. ЎзЖОКУ, ЎЗДЖТУ, БСТУ, ЖДПУ – бу лаънат теккан анархия маконлари Элтузарда доимий муҳокама мавзусига айланган. Раҳбарият танқидга қарши ижобий пиар билан шуғулланади. Ротация, устамалар қисқариши, ҳайфсанлар ва соатлар тақсимоти воситасида жамоани жазолайди. Лекин мамлакат олий таълимидаги вазият, академик муҳит кун сайин ёмонлашиб бораверяпти.

Ривожланган мамлакатлар тажрибаси Ўзбекистондаги бу тизмий анархиядан сезиларли фарқ қилади, албатта.

АҚШда Ўзбекистондаги «ректор»га яқин лавозим кўпинча President, баъзи университет тизимларида Chancellor деб аталади. Давлат университетининг раҳбарини мамлакат президенти ёки федерал таълим органи тайинламайди. Университет бошқарувида асосий ваколат Board of Trustees ёки Board of Regents каби бошқарув кенгашларига берилган.

Раҳбарлик лавозими бўшаса, махсус қидирув комиссияси тузилади. Унинг таркибига профессорлар, университет маъмурияти, талабалар, битирувчилар ва бошқарув кенгаши вакиллари кириши мумкин. Номзодлар мамлакат миқёсида, баъзан халқаро даражада изланади. Улар билан суҳбатлар ўтказилади, университетни ривожлантириш стратегияси муҳокама қилинади. Якуний қарорни университетнинг Board of Trustees ёки Board of Regents органи қабул қилади. Штат ҳокимияти университет бошқарув кенгашини шакллантиришда иштирок этиши мумкин, аммо университет раҳбарини танлашнинг ўзи институционал бошқарув органи доирасида амалга оширилади.

Германияда бошқача танлов усули амал қилади.

Университетлар федерал ерлар қонунчилиги асосида фаолият юритади ва ректор ёки президентни танлашда университетнинг ички органлари катта роль ўйнайди. Кўп ҳолларда Сенат, университет кенгаши ёки шу мақсадда ташкил этилган сайлов органлари номзодни танлаш жараёнида иштирок этади. Тартиб ҳар бир федерал ерда бир хил эмас, аммо академик жамоанинг институционал иштироки муҳим ўрин тутади.

Буюк Британияда Vice-Chancellor университетнинг асосий ижрочи раҳбари ҳисобланади. Университетнинг governing body — бошқарув органи раҳбарни танлаш ва тайинлашда асосий ваколатга эга. Номзодларни излаш, суҳбатдан ўтказиш ва баҳолаш профессионал танлов жараёни сифатида ташкил этилади. Давлат университет раҳбарини тўғридан-тўғри тайинламайди.

Шундай қилиб, турли мамлакатларда ректор танлашнинг турлича моделлари шаклланган. Фарқ фақат «тайинлаш» ёки «сайлаш» атамаларида эмас. Асосий масала — номзодни ким кўрсатади, ким баҳолайди, академик жамоа қанчалик иштирок этади ва якуний қарор кимга тегишли, деган саволларда.

Ўзбекистонда 2026 йил ҳолатига кўра давлат университети ректорини тайинлашда асосий ваколат давлат бошқаруви органларида сақланиб қолмоқда. Шу билан бирга, «Ректорлар мактаби» орқали номзодларни очиқ танлов асосида саралаш ва махсус тайёрлашнинг жорий этилиши раҳбар кадрларни шакллантириш тизимида янги босқични бошламоқда.

Хорижий тажриба яна бир саволни ўртага қўяди: замонавий университет раҳбарини танлашда давлатнинг ишончи муҳимми ёки университет жамоасининг ишончими?

Кўплаб ривожланган олий таълим тизимларида бу икки тушунча бир-бирига қарши қўйилмайди. Давлат умумий ҳуқуқий ва молиявий механизмларни белгилайди, университет ўз раҳбарини танлашда институционал иштирок имкониятига эга бўлади. Шу тариқа ректор фақат юқори турувчи ташкилот олдида эмас, ўзи бошқараётган академик жамоа олдида ҳам масъулият ҳис қилади.

Ўзбекистон ҳам жаҳон тажрибасини жиддий ўрганиб, ректорларни танлаш ва тайинлаш механизмини қайта кўриб чиқиши зарур. Университет раҳбарлиги ёпиқ келишувлар, шахсий алоқалар ёки соявий ҳомийликка боғлиқ бўлиб қолиши мумкинлиги ҳақидаги ҳар қандай шубҳанинг ўзи олий таълим тизимига бўлган ишончга зарар етказади. Коррупцион схема орқали лавозим эгаллаш ҳолатлари мавжуд бўлса, бундай раҳбарлар университетни ичдан емирадиган термит каби унинг академик муҳити, кадрлар сиёсати ва илмий салоҳиятига путур етказади.

Шунинг учун ректорлик лавозимига номзодларни очиқ танлов асосида саралаш, уларнинг дастурларини академик жамоа олдида тақдим этиш, профессор-ўқитувчилар фикрини инобатга олиш, мустақил кузатув ва манфаатлар тўқнашувини текшириш механизмларини кучайтириш масаласини муҳокама қилиш зарур. Танлов жараёни шундай шаффоф бўлиши керакки, ректор лавозимига ким, қандай мезонлар асосида ва нима учун танлангани жамоатчилик учун тушунарли бўлсин.