Ўзбекистонда болаларга нисбатан жинсий жиноятлар статистикаси жиддий хавотир уйғотади. 2022–2025 йилларда 14 ёшга тўлмаган болалар номусига тегиш бўйича 445 та жиноят иши қўзғатилган. 2022 йилда 85 та, 2023 йилда 108 та, 2024 йилда 129 та, 2025 йилда 123 та.

Бу фақат расман аниқланиб, жиноят иши қўзғатилган ҳолатлар. Қўрқув, таҳдид, оиланинг воқеани яшириши ёки боланинг ўзи нима содир бўлганини тушунмаслиги сабаб қанча ҳолат очилмай қолаётганини билмаймиз. Билганимиз шунча бўлса, билмаганимиз қанча?

Қонунларни кучайтириш зарур. Лекин болани ҳимоя қилиш жиноят содир бўлгандан кейин жиноятчини жазолашдан бошланмаслиги керак. Асосий вазифа жиноятнинг олдини олиш бўлиши лозим.

Бунинг учун:

Болалар билан ишлайдиган шахслар қатъий текширилиши керак. Мактаб, боғча, спорт секцияси, оромгоҳ ва ўқув марказларида ишга қабул қилишда шахснинг жинсий жиноятларга оид ўтмиши текширилиши шарт.

Жинсий жиноят содир этган шахсларнинг болалар билан ишлашига йўл қўйилмаслиги керак. Бу чеклов қоғозда қолмасдан, ишга қабул қилиш жараёнида автоматик текшириладиган тизимга айланиши зарур.

Мактаб ва боғчаларда хавфсиз мурожаат механизми бўлиши керак. Бола директор ёки ўқитувчидан қўрқмасдан, мустақил канал орқали ёрдам сўрай олиши лозим.

Жабрланган болани қайта-қайта сўроқ қилишга чек қўйиш керак. Суҳбат махсус тайёрланган психолог ва терговчи иштирокида, болага мос шароитда ўтказилиши зарур.

Интернетда болани жинсий мақсадда ишончга киритишга қарши назорат кучайтирилиши керак. Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда болаларга нисбатан бундай ҳаракатларни эрта аниқлаш механизми зарур.

Болаларнинг ўзига ҳам хавфни таниш ўргатилиши керак. Қайси ҳаракатлар мумкин эмаслиги, «сир сақлаш»га мажбурлаш хавф белгиси экани ва қаерга мурожаат қилиш мумкинлиги ёшига мос тарзда тушунтирилиши лозим.

Ҳар бир ҳолат бўйича жавобгарлик муқаррар бўлиши керак. «Оилавий масала», «шарманда бўламиз» ёки бошқа важлар болага нисбатан жинсий жиноятни яширишга сабаб бўлмаслиги керак.

445 та жиноят иши айтишга осон. Уларнинг ҳар бири ортида бола бор. Давлатнинг вазифаси фақат айбдорни қамаш эмас, болани унинг қурбонига айланишидан олдин ҳимоя қилишдир.