2026 йил 12 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 3,4 миллион тонна пахта хомашёси йиғиб олинди. Бу жорий йил учун белгиланган 4,5 миллион тонналик шартномавий кўрсаткичнинг 76 фоизини ташкил этмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маьлум қилишича, ҳосилнинг асосий қисми замонавий пахта териш машиналари ёрдамида йиғиштириб олинмоқда. Ҳозиргача 2,6 миллион тонна пахта механизациялашган усулда, 848 минг тоннаси эса қўл терими орқали терилган.

Қўл теримида йиғилган пахтанинг 174 минг тоннаси далалар четларини механизациялашган теримга тайёрлаш жараёнида терилган. Яна 674 минг тонна пахта терим машиналари кира олмайдиган кичик майдонлардан фермерлар ва агрокластерлар ишчилари томонидан йиғиб олинган.

Терим мавсумида жами 3 мингга яқин юқори унумли пахта териш машинаси ишга жалб этилган. Жорий йилда фермер хўжаликлари ва агрокластерларга лизинг асосида 1 мингдан зиёд замонавий пахта териш машинаси етказиб берилган.

12 октябрь куни машиналар ёрдамида 147 минг тонна пахта териб олинди. Бу куни битта пахта териш машинасига ўртача 50 тоннадан ҳосил тўғри келган.

Пахта теримини ўз вақтида якунлаш, ҳосил нобудгарчилигининг олдини олиш ва шартномавий мажбуриятларни бажариш мақсадида далаларда терим ишлари давом этмоқда.