2026 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистонда 24,8 мингта никоҳ расман бекор қилинди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 мингтага кўп. Шу билан бирга, мамлакатда никоҳлар сони камайгани ҳам кузатилмоқда.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 92,3 мингта никоҳ давлат рўйхатидан ўтказилган. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 3 мингтага кам.

Ҳисоб-китобларга кўра, олти ой давомида мамлакатда ҳар куни ўртача 510 тадан ортиқ никоҳ қайд этилган бўлса, ҳар куни ўртача 137 та оила ажрашган.

Мутахассислар фикрича, ажримларга олиб келаётган асосий омиллар қаторида ишсизлик, оилавий масъулиятни етарли даражада ҳис қилмаслик, эр-хотин ўртасидаги сабрсизлик ҳамда муаммоларни ўзаро мулоқот орқали ҳал қила олмаслик каби ҳолатлар алоҳида ўрин тутмоқда. Моддий қийинчиликлар ва барқарор даромаднинг йўқлиги оиладаги зиддиятларни кучайтирса, масъулиятсизлик ва бир-бирини тушунишга интилишнинг сусайиши муносабатларнинг издан чиқишига сабаб бўлмоқда.

Оила жамиятнинг энг муҳим таянчи ҳисобланади. Шу боис ёшларни оилавий ҳаётга пухта тайёрлаш, ўзаро ҳурмат ва масъулият туйғусини мустаҳкамлаш, оилаларда соғлом мулоқот маданиятини ривожлантириш бугунги кунда долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.