ОЧИҚЛИК ИНДЕКСИ ЧИҚДИ: КИМ ЭШИКНИ ЁПИБ, “ОЧИҚМАН” ДЕЯПТИ?
Янги очиқлик индекси давлат идораларининг жамоатчиликка қай даражада очиқ ёки ёпиқ эканини кўрсатди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, айрим вилоятлар ва йирик вазирликлар нега рейтингнинг энг паст поғоналарига тушиб қолди?
Очиқлик индекси эълон қилинди. Ва ниҳоят, “ким қанча ёпиқ?” саволига расмий жавоб ҳам чиқди.
Рейтингнинг энг қуйисида – Тошкент шаҳар ҳокимлиги. Пойтахт – витрина, дейишарди. Шекилли, витрина ортида парда жуда қалин. Прокурордан чиққан ҳоким Шавкат Умрзоқовнинг микрофондан қўрқиши эскидан маълум. Бир пайтлар журналистни кўриб, лифтга қараб мингга суриб қочганини кўпчилик яхши эслайди. Қарорлар қаерда қабул қилинади, ерлар кимга берилади, қурилишлар нега тўхтамайди – буларга жавоб топишдан кўра, Умрзоқовга ёпиқ эшикни топиш осонроқ.
Андижон вилояти ҳокимлиги ҳам ортда қолмабди. Шуҳрат Абдураҳмонов очиқликка келганда, эшиги устига “режим — махфий” деб ёзиб қўйганга ўхшайди. Матбуот билан яқиндан ишласа ёш боланинг оғзига туфурмаган, байрам пайти ўзи ва оиласини тана қўриқчилари билан ўраб олмаган бўларди.
“Ўзбекистон темирйўллари”да эса анъанавий услубда поездлар эмас, ахборот кечикиб келади. Ва баъзида умуман келмайди. Очилбой Раматовнинг ҳуйи атвори у назорат қилган ташкилотга ҳам ўтганга ўхшайди.
Энди Тошкент вилоятига қаранг. Пойтахт ёнида туриб, очиқлик борасида ҳам “сояда” қолишни уддалаган. Қурилишлар, ер ажратишлар, қарорлар, троллару обончилар – ҳаммаси бор, фақат очиқлик йўқ. Яъни очиқликка қарши фаолият бор, лекин шу фаолиятда ҳам шаффофлик йўқ. Зойир Мирзаев ё сотиб олишга уринади ёки сувга бўктиради. Бошқа услубни билмайди Зойир мирза…
Вазирликлар орасида ҳам манзара ўзгармаган: ФВВ, Транспорт, Маданият, Қишлоқ хўжалиги, Инвестициялар ва ТИВ – ҳаммаси қуйи поғоналарда. Номи катта, аммо очиқлик деярли йўқ.
Хулосаи калом шуки, айрим идоралар “очиқлик”ни ҳисоботда кўрсатади, амалда эса эшикни маҳкам ёпиб қўяди. Халқ эса эшикни тақиллатишдан чарчаган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг