Сўнгги йилларда Ўзбекистон аҳолиси турмуш тарзида сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Одамлар нафақат уй-жой сотиб олиш ёки таъмирлашга, балки хонадонларини замонавий ва шинам мебель жиҳозлари билан безашга ҳам катта эътибор қаратмоқда. Бу эса мамлакатда мебель саноатининг жадал ривожланишига туртки бўлмоқда.

Мавжуд маълумотлар таҳлилига кўра, 2026 йилнинг январь–апрель ойларида Ўзбекистонда йирик корхоналар томонидан 2,5 трлн сўмлик мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28,7 фоизга ошгани соҳада юқори ўсиш суръатлари сақланмоқда.

Бугунги кунда мебель нафақат эҳтиёж, балки инсоннинг диди, ижтимоий мавқеи ва яшаш маданиятини акс эттирувчи омилга айланиб бормоқда. Замонавий интерьерларга қизиқиш, янги турар-жойлар қурилиши ва аҳолининг даромадлари ортиши натижасида сифатли ва ҳашаматли мебель маҳсулотларига бўлган талаб тобора кучаймоқда.

Мебель ишлаб чиқариш ҳажми бўйича Тошкент шаҳри 472,5 миллиард сўм билан етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларда Фарғона вилояти (298,2 миллиард сўм), Андижон вилояти (280,6 миллиард сўм) ва Тошкент вилояти (248,3 миллиард сўм) қайд этилган. Бу ҳудудларда мебельчилик анъаналари, ишлаб чиқариш инфратузилмаси ва бозор талабининг юқорилиги соҳа ривожига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Шунингдек, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида ҳам мебель ишлаб чиқариш ҳажмлари юқори бўлиб, мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида мазкур тармоқ изчил ривожланаётгани кузатилмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, маҳаллий мебель ишлаб чиқарувчиларнинг дизайн, сифат ва технологияларга бўлган эътибори ортиб бораётгани импорт маҳсулотлари билан рақобат қилиш имкониятини кенгайтирмоқда. Илгари асосан хориждан келтирилган мебель маҳсулотларига қизиқиш юқори бўлган бўлса, бугун маҳаллий корхоналар ҳам замонавий талабларга жавоб берадиган маҳсулотлар таклиф этмоқда.

Эътиборлиси, аҳолининг шинам ва кўркам яшаш муҳитига интилиши, ҳашамат ва қулайликка бўлган қизиқишининг ортиши мебель саноати учун янги имкониятлар яратмоқда. Бу эса нафақат ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, балки келгусида экспорт салоҳиятини ҳам оширишга хизмат қилиши мумкин.

Қисқаси, мебельчилик соҳасида қайд этилаётган юқори ўсиш суръатлари мамлакатда ишлаб чиқариш қувватлари кенгайиб, аҳолининг яшаш маданияти ва эстетик талаблари ҳам юксалиб бораётганининг яна бир яққол кўрсатиб турибди.