Ўзбекистон товар-хомашё биржасида AI-92 бензинининг бир тоннаси 13 млн 919 минг сўмга етиб, тарихий максимумни янгилади. Бу июнь ойи бошига нисбатан қарийб 11,8 фоизлик ўсишдир.

Нархлар ўсиши Россияда кузатилаётган ёқилғи тақчиллиги билан бир вақтга тўғри келмоқда. Сўнгги ҳафталарда Украина дрон ҳужумлари ортидан қатор нефтни қайта ишлаш заводлари ишида узилишлар юзага келди. Россияда бензин ишлаб чиқариш қисқарди, мамлакат ҳатто тақчилликни юмшатиш учун Қозоғистондан тахминан 50 минг тонна AI-92 бензини импорт қилиш имкониятини муҳокамага қўйди.

Мутахассислар таъкидлашича, Россия минтақадаги энг йирик ёқилғи бозорларидан бири бўлгани учун у ердаги таъминот билан боғлиқ муаммолар Марказий Осиё мамлакатларига ҳам таъсир кўрсатади. Бу эса Ўзбекистон биржасида бензин нархининг кескин ошишига таъсир этган омиллардан бири сифатида баҳоланяпти.

Шунингдек, AI-95 бензинининг чакана нархи ҳам бир қатор ёқилғи қуйиш шохобчаларида қимматлашиб, 15,5–16 минг сўм атрофида сотиляпти. Агар минтақадаги таъминот билан боғлиқ вазият барқарорлашмаса, юқори октанли бензинлар нархига босим сақланиб қолади ва ҳатто ортиб боради.