Ўзбекистонда фуқароларнинг бандлиги ва ишсизлик даражасини аниқлашнинг янги тартиби жорий этилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 522-сон қарори 30 сентябрдан кучга кирди.

Янги тартибга кўра, энди банд аҳоли сони фақат сўров натижаларига таяниб эмас, Солиқ қўмитаси, меҳнат, миграция ва бошқа давлат ахборот тизимларидаги маълумотларни бирлаштириш орқали аниқланади.

Жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилганлар ва деҳқон хўжаликларида ишловчилар ҳақидаги маълумотлар Солиқ қўмитаси базасидан олинади. Корхона ва ташкилотларда ишловчилар «Ягона миллий меҳнат тизими» ҳамда жисмоний шахслар даромад солиғи ҳисоботлари орқали ҳисобга олинади. Ҳунармандлар, меҳнат мигрантлари ва қишлоқ хўжалиги учун ер олган фуқаролар бўйича ҳам тегишли давлат идораларининг маълумотлар базаларидан фойдаланилади.

Янги методикада банд шахс тушунчасига ҳам аниқ мезон белгиланди. Кузатув ҳафтасида ҳақ ёки даромад эвазига камида икки соат ишлаган меҳнатга лаёқатли фуқаро банд аҳоли қаторига киритилади.

Ишсиз деб ҳисобланиш учун шахс кузатув ҳафтасида ишламаган, охирги бир ой давомида иш қидирган ва икки ҳафта ичида иш бошлашга тайёр бўлиши керак. Шу билан бирга, 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги ишсизлик даражаси алоҳида ҳисобланади.

Яна бир муҳим ўзгариш норасмий ишловчиларга тааллуқли. Меҳнат шартномасисиз ишлаётган энагалар, уй хизматчилари, ошпазлар, ҳайдовчилар, қоровуллар, қурилиш ишчилари, юк ташувчилар, фаррошлар ва бошқа айрим тоифалар ҳам норасмий банд аҳоли сифатида ҳисобга олиниши мумкин.

Ишсизлар ва норасмий банд аҳолининг манзилли рўйхати balans.mehnat.uz электрон платформасида шакллантирилади. Давлат идораларидаги маълумотлар асосида бандлик мақомини аниқлаб бўлмаган фуқаролар алоҳида рўйхатга киритилади. Бу рўйхатлар маҳаллалар кесимида ҳоким ёрдамчиларига юборилади.

Ҳоким ёрдамчилари ҳар чоракда ушбу фуқароларнинг яшаш жойига бориб, уларнинг ҳақиқий бандлик ҳолатини ўрганади. Натижада ишсиз ёки норасмий ишлаётган фуқаролар ҳақидаги маълумот электрон тизимга киритилади.

Бундан ташқари, меҳнат кучи бўйича сўровлар йилига тўрт марта: март, июнь, сентябрь ва декабрда ўтказилади. Ҳар бир туман ва шаҳарда камида 0,5 фоиз уй хўжалиги қамраб олиниши белгиланган.

Қарор билан «ишсизликдан холи ҳудуд» мақомини бериш мезонлари ҳам белгиланди. Расмий ишсизлик даражаси 3,5 фоиздан ошмаган ва мавжуд бўш иш ўринлари сони иш қидираётганлар сонининг камида 80 фоизига тенг бўлган туман ёки шаҳар ушбу мақомни олиши мумкин. Агар кўрсаткичлар белгиланган чегарадан чиқса, ҳудуд чорак якуни бўйича бу мақомдан маҳрум бўлади.

Шунингдек, ҳар йили иш берувчиларга қайси касб, мутахассислик ва малакалар бўйича ходимлар кераклиги ўрганилади. Олинган натижалар кадрлар тайёрлаш ва янги иш ўринларига бўлган эҳтиёжни белгилашда қўлланади.

Янги тартиб жорий қилиниши муносабати билан меҳнат ресурслари балансини шакллантириш бўйича 2017 йилда қабул қилинган аввалги тартиб ҳам бекор қилинган.