ЎЗБЕКИСТОНДА БАНАН ИМПОРТИ РЕКОРД ДАРАЖАГА ЕТДИ
Ўзбекистонга 2026 йилнинг биринчи чорагида 69 минг тонна банан импорт қилинди – бу ўтган йилга нисбатан қарийб 45 фоиз кўп. Эквадор, Хитой ва Туркия асосий етказиб берувчиларга айланди, банан эса кундалик рационнинг муҳим қисмига айланмоқда.
Ўзбекистонда бананга бўлган талаб тобора ошиб бормоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–март ойларида мамлакатга 9 та хорижий давлатдан жами 69 минг тонна банан импорт қилинган. Импорт қилинган маҳсулотнинг умумий қиймати 20,4 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда.
Бу кўрсаткич 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 21,3 минг тоннага қарийб 45 фоизга кўпайган. Шу тариқа, банан импорти ҳажми жорий йилда энг юқори натижалардан бирига айланди.
Ўзбекистонга банан етказиб бериш бўйича Эквадор биринчи бўлиб турибди. Ушбу давлатдан жорий йилнинг ўзида 53,5 минг тонна банан олиб келинган. Шунингдек, Хитойдан 11,1 минг тонна, Туркиядан 3,4 минг тонна банан импорт қилинган.
Россиядан 404 тоннадан зиёд, бошқа давлатлардан эса қарийб 556 тонна банан етказиб берилган.
Мутахассислар фикрича, аҳоли истеъмол маданияти ўзгараётгани, тропик меваларга бўлган талаб ортиб бораётгани ҳамда савдо логистикаси яхшиланаётгани банан импортининг кескин ўсишига таъсир кўрсатмоқда.
Ўзбекистонда банан истеъмоли тобора ортиб бормоқда. Нархининг нисбатан ҳамёнбоплиги банан бошқа айрим меваларга нисбатан арзон ва йил давомида сотувда кети ўзгармайди, мавсумга караб нархи ўзгармайди.
Ёшлар ва болалар орасида оммалашгани — айниқса, болалар уни севиб истеъмол қилади. Шунингдек, фитнес билан шуғулланувчилар ва спорт залга қатновчилар бананни тез энергия ва калория манбаи сифатида йўл-йўлакай истеъмол қилмоқда.
Шунинг ҳисобига, кўчаларда банан сотиб ўтирувчилар ҳам кўпайган. Ширинлик ва десертларда кенг қўлланилиши – сўнгги йилларда торт, пирожний, смузи ва турли десертларни банан билан безаш урфга айланиб, унга бўлган талабни янада оширмоқда.
Натижада банан ўзбекларнинг нафақат оддий меваси, балки кундалик рационнинг муҳим қисмига айланиб бормоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг