Ўзбекистонда олий таълим олаётган 40 ёш ва ундан катта фуқаролар сони 53 мингдан ошди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025/2026 ўқув йилида мамлакатдаги олий таълим ташкилотларида ушбу ёш тоифасига мансуб 53 483 нафар талаба таҳсил олган.

Бу кўрсаткич 2010/2011 ўқув йили билан солиштирганда 52 867 нафарга кўп. Ўша ўқув йилида 40 ёш ва ундан катта талабалар сони атиги 616 нафарни ташкил этган.

Кейинги йилларда ушбу тоифадаги талабалар сони босқичма-босқич ўсиб борган. Жумладан, 2018/2019 ўқув йилида 7 004 нафар, 2020/2021 йилда 10 110 нафар, 2022/2023 йилда 20 247 нафар, 2023/2024 йилда 36 113 нафар ва 2024/2025 йилда 44 022 нафарни ташкил этган.

Энг юқори ўсиш сўнгги уч ўқув йилида қайд этилган. 2022/2023 ўқув йилида 40 ёшдан катта талабалар сони 20 247 нафар бўлган бўлса, 2025/2026 йилга келиб бу кўрсаткич 53 483 нафарга етган.

40 ёш ва ундан катта талабалар орасида нафақа ёшидаги талабалар ҳам қарийиб минг нафарни ташкил этмоқда. Бу маълумотлар катта ёшдаги фуқароларнинг олий таълим олишга қизиқиши кейинги йилларда сезиларли даражада ортганини кўрсатади. Бироқ улар орасида ўқишни тамомлаб нафақага чиқадиганлари ҳам бор. 50 ёшдан ошганлари эса муқим ишидан ҳайдалмаслик учун олий маълумотли деган ҳужжат учун ўқишмоқда.