Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар сезиларли даражада фаоллашди. 2026 йилнинг дастлабки етти ойида икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3,25 миллиард долларга етди. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 29,8 фоизга кўп.

Бу маълумот Астанада Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев ва Қозоғистон Бош вазири ўринбосари, миллий иқтисодиёт вазири Серик Жуманғарин ўртасида ўтказилган учрашувда маълум қилинди.

Музокараларда ўзаро савдони янада кенгацтириш, инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, транспорт ва юк ташиш ҳажмини кенгайтириш ҳамда икки давлат орасида қабул қилинган Йўл харитасини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Икки давлат олдига ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди. Ушбу мақсадга эришиш учун қўшма саноат ва инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, чегарадош ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш ҳамда транспорт-логистика имкониятларидан самарали фойдаланиш режалаштирилди.

Шу йил июль ойида ўтказилган Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида ҳам савдо ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик асосий йўналишлардан бири сифатида белгиланди. Томонлар 7,8 миллиард долларлик инвестиция ва савдо Йўл харитасини амалга ошириш, қўшма саноат лойиҳаларини ривожлантириш ва транспорт йўлакларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда. 2026 йил январь–август ойларида Қозоғистоннинг Ўзбекистон умумий ташқи савдо айланмасидаги улуши 6,5 фоизни ташкил этди.

Учрашув якунида томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва аввал эришилган келишувларни жадаллаштириш бўйича ишларни давом эттиришга келишди.