ЎЗБЕКИСТОН МЕВА-САБЗАВОТ ЭКСПОРТИНИ РЕКОРД ДАРАЖАГА ЕТКАЗДИ – ЎЗМИЗГА ҚОЛДИМИКАН?
Ўзбекистон 2026 йил январь–апрель ойларида 489,5 минг тонна мева-сабзавот экспорти амалга ошириб, 454,5 млн доллар даромад қилди. Аммо экспорт ўсиши ички бозорда нархлар ва ресурслар барқарорлигига қандай таъсир кўрсатмоқда?
2026 йилнинг январь–апрель ойларида Ўзбекистон хорижий бозорларга 489,5 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилди. Экспорт ҳажми 454,5 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,6 фоизга ошган.
Расмий маълумотларга кўра, экспорт таркибида сабзавотлар асосий улушни эгаллаган бўлиб, тўрт ой давомида 239,8 минг тонна маҳсулот ташқи бозорларга етказиб берилган.
Шунингдек, 86,6 минг тонна мева ва резаворлар, 26,2 минг тонна мош, 9,2 минг тонна ерёнғоқ ва ёнғоқлар ҳамда 127,6 минг тонна бошқа турдаги маҳсулотлар экспорт қилинган.
Мутахассислар фикрича, экспорт ҳажмининг ўсиши мамлакат аграр соҳасининг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини мустаҳкамламоқда. Валюта тушумларининг ортиши қишлоқ хўжалигида янги технологияларни жорий этиш, логистика тизимини такомиллаштириш ва маҳсулот сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш имкониятларини кенгайтириши кутилмоқда.
Шу билан бирга, экспертлар экспорт ўсиши билан боғлиқ айрим хавфларга ҳам эътибор қаратишди. Айрим маҳсулотларнинг катта ҳажмда ташқи бозорларга йўналтирилиши ички бозорда таклиф қисқариши ва нархлар ошишига олиб келяпти. Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, логистика харажатларини камайтириш ва ташқи бозорларга қарамликни чеклаш масалалари долзарблигича қолмоқда.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, экспортни янада кенгайтириш билан бир қаторда ички бозор барқарорлигини сақлаш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш ўртасида мувозанатни таъминлаш фавқулодда муҳим вазифа бўлиб турибди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг