Ўзбекистонда ёз фаслини кондиционерсиз тасаввур қилиш тобора қийинлашмоқда. Ҳаво ҳароратининг юқори бўлиши, аҳоли даромадларининг ўсиши ва қулай турмушга бўлган талаб ортиши натижасида совутиш техникасига эҳтиёж йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Мавжуд маълумотлар таҳлилига кўра, 2026 йилнинг январь–май ойларида мамлакатимизга қиймати 19,7 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 132 минг 691 дона кондиционер импорт қилинган. Бу ўтган йилнинг айни шу даврига нисбатан 13,7 минг донага яъни 11,5 фоизга кўп.

Эътиборли жиҳати шундаки, импортнинг қарийб барчаси битта давлат ҳиссасига тўғри келади. Хитойдан 128 минг 21 дона кондиционер келтирилган бўлса, Қозоғистондан 4 минг 644 дона, Туркиядан атиги 17 дона, бошқа давлатлардан эса 9 дона импорт қилинган.

Бу рақамлар Ўзбекистон кондиционер бозорини амалда Хитой маҳсулотлари мутлақ эгаллаб олганини кўрсатади.

Кўпчилик мутахассислар ва истеъмолчилар фикрича, Хитойда ишлаб чиқарилган ҳар бир кондиционерни юқори сифат намунаси деб бўлмайди. Айрим моделлар хизмат муддати, компрессор сифати ёки электр энергиясини тежаш кўрсаткичлари бўйича япон ёки жанубий корейс брендларидан ортда қолади. Бироқ харидор танловида ҳамиша сифат эмас, балки нарх ҳал қилувчи омилга айланади.

Хитой кондиционерлари нисбатан арзон, эҳтиёт қисмлари осон топилади, сервис хизмати кенг йўлга қўйилган ва аҳолининг аксарияти учун чўнтакбоп ҳисобланади. Шу сабабли улар Ўзбекистон бозорида катта улушни эгаллаб, деярли рақобатсиз ҳолатга келган.

Дунё тажрибасига назар ташласак, манзара бироз бошқача. АҚШ бозорида истеъмолчилар кўпроқ юқори энергия самарадорлигига эга бўлган Carrier, Trane, Lennox, Rheem, шунингдек Daikin, Mitsubishi Electric ва LG каби брендларни танлайди. Бу мамлакатда кондиционер танлашда дастлабки нархдан кўра, узоқ муддатли электр тежамкорлиги ва ишончлилиги муҳим ҳисобланади.

Европада ҳам узоқ йиллар кондиционерларга талаб унчалик юқори эмас эди. Аммо сўнгги йилларда кузатилаётган кучли иссиқ тўлқинлари туфайли Германия, Франция, Испания ва Италия каби мамлакатларда талаб кескин ўсмоқда. Бу ерда Daikin, Mitsubishi Electric, Panasonic, LG ва айрим хитойлик ишлаб чиқарувчиларнинг энергия тежовчи инвертор моделлари оммалашмоқда. Шу билан бирга, Европа бозорида энергия самарадорлиги ва экологик стандартлар биринчи ўринда туради.

Қизиқ жиҳати шундаки, Европа ҳам тобора кўпроқ Хитойда ишлаб чиқарилган кондиционерларни импорт қилмоқда. Бироқ у ерда истеъмолчи арзонлиги билан бирга энергия тежамкорлиги, кафолат ва сертификатларга ҳам жиддий эътибор қаратади. Уларга асосан пулга эмас, “эконом” режимда эканлиги қулай

Ўзбекистон бозори эса ҳозирча асосан нархга қараб шаклланмоқда. Бу эса Хитой ишлаб чиқарувчилари учун қулай манзил.

Келгусида аҳоли даромадлари ўсиши, электр энергияси нархининг ўзгариши ва энергия тежовчи технологияларга қизиқиш кучайиши билан бозорда сифатли ва юқори самарадорликка эга брендлар улуши ҳам ортиши мумкин. Аммо ҳозирги рақамлар бир ҳақиқатни яққол кўрсатмоқдa Ўзбекистон кондиционер бозорининг асосий “қироли”  ҳозирча арзон ва сифатсиз Хитой маҳсулотларидир.