Ўзбекистоннинг ижобий имиджини яхшилаш ва туризмни ривожлантириш учун махсус дастурлар қабул қилинаётган, субсидиялар берилаётган, ҳар бири учун юз минглаб доллар пул тўлаб, буюртма кўрсатув ва мақолалар тайёрланаётган, эфирга узатилаётган ва нашр қилинаётган бир вақтда айрим ноинсоф шахсларнинг ҳаракати туфайли Ўзбекистон ҳақида сайёҳларда салбий таассурот шаклланмоқда.

Шу кунларда Youtube тармоғида 400 мингдан ортиқ аъзоси бор канал эгаси бўлган Жанубий Кореялик Санга (Инстаграмда sanghyuklee) исмли ютубернинг видеоси оммалашмоқда. Унда Санганинг Ўзбекистондаги кўрган-кечирганлари акс эттирилган. Видео шу кунга қадар 700 мингдан ортиқ кўрилган. Видеодаги салбий жойи Ўзбекистон меҳмонхонаси яқинидаги кичик дўкон сотувчиси томонидан Сангага алдов йўли билан нархи нари борса 25-30 минг сўм турадиган салқин ичимликни 90 минг сўмга сотганлигидир. Бу видеога ёзилган изоҳларни кўрсангиз, Ўзбекистон ёлғончилар ва фирибгарлар юрти эканда деб, ўзингиз ҳам ишониб қоласиз. Қаранг, соф фойдани 250 фоиз кўзлаган. Тешиб чиқмайдими? Орқасида ҳимоячиси борда-а. Буюрмасин-э ёки бўкиб ўл-е, дегинг келади. Видео якунида Санга меҳмонхона ходимлари ёрдамида амаллаб пулини қайтариб олади.

Ижтимоий тармоқлардаги меҳмонларнинг Ўзбекистон ҳақидаги салбий фикрларини таҳлил қилсангиз, асосан сотувчи ва таксичиларнинг товар ва хизматларнинг нархини каррасига баланд айтиши, таксичиларнинг шилқимлиги, мижознинг розилигисиз юкига тегиниши ва мижоз талашиб бир-бири билан уришиб кетиши, кўчадаги тиланчи хотинлар ва болалар (халқ тилида лўлилар)нинг кир-чир юриши ва ўтган-кетганга пул сўраб шилқимлик қилиши, ахлат контейнерларини титиб юрган, муқим яшаш жойига эга бўлмаган шахслар (халқ тилида БОМЖлар), аёлларга шилқимлик қилувчи эркаклар, кўчалардаги ва кўп қаватли уйларга бириктирилган майдонлардаги ахлат уюмлари, плиткаси сочилиб ётган пиёдалар йўли (тротуар)лари ҳақида эканлигига амин бўласиз.

Булардан келаётган зарарни қўли узун таҳлил марказлари ҳисоблаб чиқса, яхши бўлар эди. Дастурлар қабул қилиш, меҳмонхона қургани ёки турист олиб келгани учун субсидия бериш, пуллик буюртма контентлар жойлаштириш, булар ҳаммаси яхши тадбирлар. Лекин, юқоридаги каби ҳолатлар билан курашиш тадбирлари нима учундир дастурларингизда кўринмайди? Сизнингча, 700 мингдан ортиқ кўрилган видео аҳамиятсизми? Хорижий меҳмон сизнинг ялтироқ контентингизга ишонадими ёки аниқ ҳолатни ўз кўзи билан кўрган гувоҳнинг видеосига ишонадими?

Маънавият ва маърифат ундоқ бўлади, бундоқ бўлади деб, маъруза ўқиган билан ҳеч нарса ўзгармайди. Осмондан ерга тушинглар. Юқоридаги сотувчилар, таксичилар, тиланчилар, шилқим эркаклар, уйсиз дайдилар, ахлат уюмлари, тротуарлар билан кимлардир дастурсиз, ҳар куни шуғулланиши керак. Ваколатлилар бир нарса деб юборсин.

Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров