Баҳорнинг сўнгги ойи ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон давлат гербини ўзгартириш муҳокамаси билан ўтди. Баъзилар мавжуд рамз эскириб қолганини, уни замонавийлаштириш кераклигини айтмоқда. Бошқалар эса мустақилликнинг илк йилларида қабул қилинган давлат рамзига тегмаслик керак, деган фикрда. Аммо баҳснинг яна бир қизиқ жиҳати бор – айрим мутахассислар Ўзбекистоннинг ҳозирги давлат рамзи аслида герб эмас, балки эмблема эканини таъкидламоқда.

Хўш, бу даъво қанчалик асосли?
Аввало, ҳуқуқий жиҳатдан масала мутлақо аниқ. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида ҳумо қушли рамз «Давлат герби» деб номланган. Демак, юридик нуқтаи назардан баҳснинг ўзи йўқ: мамлакатнинг расмий давлат герби мавжуд.

Бироқ геральдика, яъни герблар тарихи ва назарияси билан шуғулланувчи соҳа нуқтаи назаридан масала бироз чалкаш. Мумтоз Европа геральдикасида гербнинг асосий элементи қалқон ҳисобланади. Давлатнинг тарихи, сулоласи ёки миллий рамзлари айнан қалқон ичида акс эттирилади. Тарихда монархия бўлган кўплаб давлатларнинг герблари айнан шу принцип асосида қурилган.

Ўзбекистон гербида эса марказий ўринни Ҳумо қуши, қуёш, тоғлар, дарёлар, пахта ва буғдой шохлари эгаллайди. Композиция қалқон атрофида эмас, совет давридаги давлат эмблемалари услубида шаклланган. Шу сабабли баъзи геральдика мутахассислари уни классик гербдан кўра эмблемага яқинроқ деб баҳолайди.

Аслида бу ҳолат фақат Ўзбекистонга хос эмас. Собиқ СССР таркибида бўлган кўплаб давлатлар мустақилликка эришгач, советча композициянинг маълум элементларини сақлаб қолди. Айрим мамлакатлар кейинчалик тарихий гербларига қайтди, бошқалари эса мавжуд рамзларни модернизация қилди. АҚШда ва Японияда эса герб таг туги билан йўқ.

Ўзбекистон мустақилликнинг илк йилларида қабул қилинган рамзни деярли ўзгаришсиз сақлаб келмоқда.
Гербни ўзгартириш тарафдорлари бир неча далилларни келтиришади. Уларга кўра, мамлакатнинг давлат рамзи халқаро геральдика талабларига кўпроқ мос бўлиши, соддароқ ва осон таниладиган шаклга эга бўлиши керак. Айримлар эса тарихий давлатларимиз — Темурийлар, Қорахонийлар ёки қадимги туркий давлатлар рамзларидан илҳом олишни таклиф қилмоқда.

Бироқ давлат рамзининг вазифаси геральдика қоидаларига мос келишми ёки миллатнинг ўзини англашини ифода этишми? Шуни аниқлаштириб олиш лозим.

Ҳозирги гербда акс этган Ҳумо қуши, пахта, буғдой, қуёш ва тоғлар Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларида шаклланган миллий рамзлар тизимининг ажралмас қисми ҳисобланади. Бу белгилар бир неча авлод учун таниш ва тушунарли тимсолларга айланган. Шу нуқтаи назардан қараганда, масала фақат дизайн ёки тарих ҳақида эмас, миллий хотира ҳақида ҳамдир.

Бугунча муҳокама қилинаётган таклифларнинг аксарияти эса ҳали концепция даражасида қолиб кетяпти. Интернетда тарқалган кўплаб расмлар ёки дизайнерлик ишлари расмий таклиф эмас. Улар орасида ҳақиқий классик гербга яқин вариантлар ҳам, мавжуд рамзнинг қайта ишланган кўринишлари ҳам бор. Аммо ҳозирча давлат даражасида гербни ўзгартириш бўйича расмий ташаббус мавжуд эмас.
Эҳтимол, баҳснинг энг қизиқ жиҳати шундаки, у гербнинг ўзи ҳақида эмас, балки миллий рамзлар қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги кенгроқ саволни ўртага ташлаяпти.

Ўзбекистон ўзини тарихий давлатчилик анъаналари орқали ифодалаши керакми? Ёки мустақилликнинг биринчи йилларида шаклланган рамзларни сақлаб қолиши лозимми?

Бу саволга жавоб фақат геральдика мутахассислари ёки дизайнерлар эмас, бутун жамият томонидан шакллантирилади. Чунки давлат рамзи миллатнинг ўзи ҳақидаги тасаввурининг кўзгуcидир.