РАҚАМЛАР ОРТИДАГИ ҲАЁТ ЁХУД ДЕМОГРАФИЯ ҚАЙ АҲВОЛДА
Ўзбекистон аҳолиси 38,3 миллиондан ошди: эркак-аёл нисбати, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси тенглашиб бориши, уйланиш ва ажрашишлар ҳамда ташқи миграция ортидаги ижтимоий жараёнлар қай йўналишда кетаётгани таҳлил қилинди.
2026 йил 1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикаси аҳолиси 38,3 миллиондан ошди. Бу рақам шунчаки статистика эмас – у мамлакат ижтимоий, иқтисодий ва маданий жараёнларнинг ойнаси ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси миллий статистика қўмитасининг Элтузар мухбирига тақдим этган маълумотлари эса бу жараёнларга яқиндан назар ташлаш имконини беради.
Аввало, аҳоли таркибига эътибор қаратадиган бўлсак, эркаклар улуши аёлларга нисбатан бироз юқорилаб кетган – 50,4 фоизга аёллар 49,6 фоизни ташкил этмоқда. Бу фарқ катта эмас, аммо меҳнат бозори, оила институти ва ижтимоий муносабатларда бу рақам муайян таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу билан бирга, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси деярли тенглашиб бормоқда. Бугунги кунда шаҳарларда яшовчилар 50,9 фоизни ташкил этмоқда. Бу эса урбанизация жараёнлари тобора жадаллашиб бораётганини кўрсатади. Инсонлар иш, таълим ва қулайликлар излаб шаҳарларга интилмоқда. Натижада шаҳар инфратузилмасига бўлган босим ҳам ортмоқда.
Оилавий муносабатлар ҳам демографиянинг муҳим кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. Бир ой ичида 42,3 мингта никоҳ қайд этилган бўлса, 12,7 мингта ажралиш ҳолати кузатилган. Бу рақамлар жамиятда оила қадриятлари сақланиб қолаётгани билан бирга, ажрим билан боғлиқ муаммолар борлигини кўрсатади. Никоҳ ва ажралиш ўртасидаги нисбат анча юқори. Бу қадриятларга путур ета бошлаганини кўрсатади.
Ташқи миграция кўрсаткичлари эса алоҳида эътиборга лойиқ. Кўчиб келганлар сони 721 нафарни ташкил этган бўлса, кетганлар 2 277 нафарга етган. Бу манфий миграция баланси мамлакатдан чиқиб кетиш ҳолатлари кўпроқ эканини англатмоқда. Бундай вазият меҳнат бозори, таълим ва иқтисодий имкониятлар билан бевосита боғлиқлигини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, рақамлар қуруқ статистика эмас улар ортида миллионлаб инсонлар тақдири, орзу-умидлари ва ҳаёт тарзи мужассам. Ўзбекистон демографиясидаги бугунги тенденциялар эса келажакда қандай жамият қурилаётганини кўрсатиб беради. Бу кўзгу бўлиб, буни камчиликларни тузатишга берилган сигнал сифатида кабул қилишимиз мумкин.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг