ЎЗБЕКИСТОН ЧОРВА ЭПИДЕМИЯСИ ХАВФИ БИЛАН ЮЗЛАШДИ: ГЎШТ НАРХИ КЕСКИН ОШАДИ
Ўзбекистонда чорва ҳайвонлари орасида оқсил (яшур) эпидемияси хавфи ортиши муносабати билан санитария-эпидемия-гигиена ойлиги эълон қилинди. Мутасаддилар ветеринария қоидаларига қатъий амал қилиш ва эмлашни кучайтириш зарурлигини уқтирмоқда.
18 апрелдан 18 майга қадар «Чорвачиликда санитария-эпидемия-гигиена» ойлиги эълон қилинди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Фермерлар кенгаши қўшма мурожаатида маълмот берилди.
Қарор чорва ҳайвонлари орасида хавфли касалликлар, хусусан оқсил (яшур) тарқалиши хавфи ортиб бораётгани билан изоҳланмоқда.
Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда дунёда ҳайвонларнинг янги касаллик турлари кўпаймоқда. Жаҳон ҳайвонлар соғлигини ташкилоти маълумотига кўра, 2025–2026 йилларда 48 та давлатда яшур касаллигининг янги SAT типлари аниқланган. Амалдаги вакциналар эса бу турларга қарши тўлиқ самара бермайди
Шу муносабат билан фермер ва чорвадорларга ветеринария-санитария қоидаларига қатъий амал қилиш тавсия этилди. Жумладан, хўжаликларга кириш жойларида дезинфекция воситаларини ўрнатиш, бегона шахслар ва транспорт ҳаракатини чеклаш, чорвани сифатли озуқа ҳамда тоза сув билан таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, ҳайвонларда касаллик аломатлари кузатилганда уларни зудлик билан ажратиш ва мустақил даволашга уринмасдан ветеринарга мурожаат қилиш лозим. Оқсил касаллиги юқори ҳарорат, оғиз ва туёқларда яралар, елинда шикастланишлар билан намоён бўлади.
Мутахассислар таъкидлашича, эмлаш касалликнинг олдини олишда энг самарали чора ҳисобланади. Қорамоллар йилига икки марта, қўйлар эса бир марта эмланиши керак. Зарур ҳолларда 2,5–3 ойликдан катта барча ҳайвонлар мажбурий эмланади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги касалликка оид ҳар қандай шубҳали ҳолатларда тезкор равишда ветеринария хизматларига мурожаат қилишни сўрамоқда.
Бунда қорамолларни алоҳида уй шароитида боқиш, пода шаклида яйловларда боқмаслик, ҳатто молбозорларга олиб чиқмаслик сўралмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг