ЎЗБЕКИСТОН АВТОСАНОАТИ СЎНГГИ 10 ЙИЛДА РЕКОРД ДАРАЖАДА ЎСДИ
Сўнгги 10 йилда Ўзбекистон автосаноати ишлаб чиқариш ҳажмини 2,4 баробарга оширди: 2015 йилдаги 190,5 мингта автомобилга нисбатан 2025 йилда 457,9 мингта машина ишлаб чиқарилди. Рақобат, нархлар барқарорлиги ва эҳтиёт қисмлар таъминотига оид муаммолар эса ҳануз долзарб.
Сўнгги ўн йилликда Ўзбекистон автосаноати мамлакат иқтисодиётининг энг тез ривожланаётган тармоқларидан бирига айланди. Мавжуд маълумотлар таҳлилига кўра, 2025 йилда мамлакатда 457,9 минг дона енгил автомобиль ишлаб чиқарилган бўлиб, бу 2015 йилга нисбатан 2,4 баробар кўп.
2026 йилнинг январь–март ойларида эса турли русумдаги 108 769 дона енгил автомобиль ишлаб чиқарилгани соҳада ўсиш суръати сақланиб қолаётганини кўрсатади.
2015 йилда мамлакатда 190,5 минг дона автомобиль ишлаб чиқарилган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 92,7 минг донага тушиб кетган. Мутахассислар буни иқтисодий ўзгаришлар ва бозордаги қайта ташкил этиш жараёнлари билан изоҳлаганди.
2017 йилдан бошлаб соҳада қайта тикланиш кузатилди. 2018 йил — 225,8 минг дона, 2019 йил — 278 минг дона,2020 йил — 285,2 минг дона машина ишлаб чиқарилди.
Пандемия шароитига қарамасдан, автомобиль ишлаб чиқариш тўхтаб қолмади. 2021 йилда маълум пасайиш кузатилган бўлса-да, кейинги йилларда соҳада жадал ўсиш йили бўлди. Айниқса, 2022 йил — 341,2 минг дона, 2023 йил — 426,1 минг дона, 2024 йил — 435,2 минг дона, 2025 йил — 457,9 минг дона машина ишлаб чиқарилди.
Бу каби рақамлар мамлакат автосаноатининг янги босқичга кўтарилганини англатади.
Соҳадаги ўсишга ички бозорда талабнинг ортиши, янги моделлар ишлаб чиқарилиши, маҳаллийлаштириш даражасининг кенгайиши ҳамда экспорт имкониятларининг ошиб бораётгани туртки бўляпти дейиш мумкин.
Шунингдек, замонавий технологиялар жорий этилиши, ишлаб чиқариш қувватларининг кенгайиши ва хусусий сектор иштирокининг ортиши ҳам муҳим омиллардан бири бўлмоқда.
Бироқ соҳада айрим муаммолар ҳам йўқ эмас. Шу ўринда, соҳада рақобат муҳитини кучайтириш, автомобиллар нархи барқарорлигини таъминлаш ва эҳтиёт қисмлар таъминотини яхшилаш каби масалалар долзарб бўлиб қолмоқда.
Экспертлар фикрича, электр автомобиль ишлаб чиқаришини ривожлантириш, экспорт географиясини кенгайтириш ва ички бозорда рақобатни ошириш келгуси йилларда Ўзбекистон автосаноатини янада юқори босқичга олиб чиқиши мумкин.
Бугунги кунда автосаноат нафақат саноат тармоғи, балки мамлакат иқтисодий салоҳияти ва технологик ривожланишининг муҳим кўрсаткичларидан бирига айланиб бормоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг