Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг дастлабки натижаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда мамлакат аҳолиси сони, демографик таркиб, хорижий фуқаролар ҳамда рўйхатга олиш жараёни юзасидан муҳим маълумотлар эълон қилинди.

Маълум қилинишича, рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолиси сони 39 миллион 47 минг 321 нафарни ташкил этди. Жорий статистик ҳисоб-китобларга кўра эса бу кўрсаткич 38 миллион 236 минг 704 нафар эди. Шундай қилиб, рўйхатга олиш натижалари амалдаги статистик маълумотлардан 810,6 минг нафарга кўпроқ аҳолини қайд этди.

Шунингдек, 1989-йилда ўтказилган сўнгги аҳолини рўйхатга олиш натижалари билан таққослаганда, мамлакат аҳолиси сони қарийб икки баробарга ошгани таъкидланди.

Матбуот анжуманида рўйхатга олиш жараёнида аҳолининг 97,3 фоизи қамраб олингани маълум қилинди. Қолган 2,7 фоиз аҳоли эса турли сабабларга кўра рўйхатга олишда иштирок этмаган. Мутасаддилар бу кўрсаткич халқаро меъёрлар бўйича нормал ҳолат эканини, айрим давлатларда қамров даражаси бундан анча паст бўлиши мумкинлигини қайд этди.

Дастлабки натижаларга кўра, Ўзбекистон ҳудудида бир йилдан ортиқ муддат яшаётган 56 минг 860 нафар хорижий фуқаро рўйхатга олинган. Уларнинг 19 минг 300 нафари Тошкент шаҳрида истиқомат қилмоқда.

Хорижий фуқаролар орасида энг катта улушни Ҳиндистон фуқаролари ташкил этиб, улар сони 13 минг 312 нафарни ташкил этди. Кейинги ўринларда Россия Федерацияси (10 минг 826 нафар), Қозоғистон (9 минг 425 нафар), Тожикистон (5 минг 722 нафар), Туркманистон (5 минг 347 нафар), Қирғизистон (4 минг 397 нафар), Покистон (1 минг 433 нафар), Хитой (1 минг 31 нафар), Туркия (811 нафар) ҳамда Корея Республикаси (691 нафар) фуқаролари қайд этилди.

Анжуманда рўйхатга олиш тадбирининг иқтисодий самарадорлигига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бир нафар аҳолини рўйхатга олиш харажати 0,12 АҚШ долларини ташкил этган. Бу эса жараёнда рақамли технологиялардан самарали фойдаланилгани ва ташкилий харажатлар оптималлаштирилганини кўрсатади.

Тил ва миллий таркибга оид дастлабки маълумотларга кўра, аҳолининг 35,7 миллион нафари, яъни 91,3 фоизи ўзбек тилини она тили сифатида кўрсатган. Бу кўрсаткич этник ўзбеклар улушидан 1,9 фоиз пунктга юқори экани қайд этилди. Дастлабки натижаларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 89,4 фоизини этник ўзбеклар ташкил этади.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, эълон қилинган маълумотлар дастлабки натижалар ҳисобланади. Рўйхатга олиш якунлари бўйича якуний маълумотлар тегишли тартибда эълон қилинади.