«ЎЗАГРОЛИЗИНГ» СОБИҚ РАҲБАРИ 6 ЙИЛГА ҚАМАЛДИ
«Ўзагролизинг» АЖнинг собиқ раҳбари Нодир Отажонов Хитойдан ишлатилган пахта териш комбайнларини янги техника сифатида олиб кириш, божхона тўловларини камайтириш ва пора олиш иши бўйича 6 йилга озодликдан маҳрум этилди, ҳукм апелляцияда ўз кучида қолдирилди.
«Ўзагролизинг» АЖ бошқарувининг собиқ раиси Нодир Отажонов Хитойдан пахта териш комбайнларини импорт қилиш билан боғлиқ иш бўйича олти йилга озодликдан маҳрум этилди. Суд материалларига кўра, аввал фойдаланилган комбайнлар янги техника сифатида кўрсатилган. У билан бирга «Inter Agromash» МЧЖ таъсисчиси Ҳайдар Абдушукуров ҳам судланган.
Суд ҳужжатига кўра, 2024 йил баҳорида Отажонов Хитой компанияси вакиллари билан аввал фойдаланилган ва «4MZ-2A» моделига қайта жиҳозланган 100 та комбайн етказиб бериш бўйича келишган. Ҳар бир комбайннинг нархи 80 минг доллар этиб белгиланган. Иш материалларида қайд этилишича, шартнома амалга оширилишини таъминлаш эвазига унга умумий сумманинг 15 фоизи миқдорида улуш ваъда қилинган.
«Inter Agromash» МЧЖ орқали умумий қиймати 8 миллион доллар бўлган 100 та комбайнни импорт қилиш бўйича шартнома тайёрланган. Отажонов, шунингдек, компания тўловларни ўз вақтида амалга оширмаган тақдирда, унинг қарздорлигини «Ўзагролизинг» қоплаши ҳақида кафолат хати имзолаган.
Суд ҳужжатига кўра, 2024 йил август–октябрь ойларида Отажонов таниши орқали Хитой компанияси таржимони Юань Леняндан 1,18 миллион доллар олган. Пуллар Юнусобод туманидаги дўстининг уйидаги сейфда сақланган.
2024 йил июль ойида «Ўзагролизинг» 35 та комбайнни ҳар бири 1,65 миллиард сўмдан етказиб беришни маъқуллаган. Умумий қиймати 57,75 миллиард сўм бўлган техника фермерларга лизинг асосида бериш учун мўлжалланган. Бироқ суд аниқлаган ҳолатларга кўра, комбайнлар аслида 2019–2020 йилларда ишлаб чиқарилган ва кейинчалик қайта жиҳозланган.
Комбайнларни импорт қилиш 22 августдан бошланган. Ҳужжатларда техника янги деб кўрсатилган ва бу, иш материалларига кўра, 7,5 миллиард сўмлик божхона тўловларини тўламаслик имконини берган.
29 та комбайн Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Тошкент, Навоий ва Бухоро вилоятларидаги фермер хўжаликларига топширилган. Техниканинг ҳақиқий ҳолати аниқланганидан сўнг айрим фермерлар комбайнларни қайтарган.
Отажонов ва Абдушукуров ўз айбини тан олмаган. «Ўзагролизинг»нинг собиқ раҳбари апелляция судида шартнома тузиш ва божхона расмийлаштирувида иштирок этмаганини айтган. Шунингдек, у айбни тан олишга оид кўрсатмалар босим остида олинганини даъво қилган.
Суд эса айбланувчиларнинг айби гувоҳларнинг кўрсатмалари, экспертиза хулосалари, телефон суҳбатлари ва ҳужжатлар билан тасдиқланганини қайд этган.
Юнусобод туман суди ҳукми 2025 йил 28 октябрда чиқарилган. Нодир Отажонов олти йилга озодликдан маҳрум этилган, унга уч йил давомида «Ўзагролизинг» тизимида мансаб ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш тақиқланган. Шунингдек, унга 550 БҲМ — 206,25 миллион сўм миқдорида жарима тайинланган.
Ҳайдар Абдушукуров эса беш йилга озодликдан маҳрум этилган ва унга ҳам 550 БҲМ миқдорида жарима солинган.
2026 йил 23 июнда апелляция инстанцияси маҳкумларнинг шикоятларини қаноатлантирмасдан қолдирган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг