Маънавият ва маърифат марказида “маърифат” энди тушунтириш ёки ишонтириш эмас, ходимларни мажбурлаб экран қаршисига ўтқазиш билан ўлчаняптими?

Элтузарга тақдим этилган аудиода марказ раҳбари Отабек Ҳасанов марказий аппарат ходимлари ва Zoom орқали уланган ҳудуд раҳбарларидан “сиёсий-маърифий соат” кўрилгани ҳақида ҳисобот талаб қилмоқда.

Яъни ходимлар дастурни кўриши, раҳбарлар эса буни исботлаб, юқорига ҳисобот бериши шарт.

Манбанинг айтишича, “сиёсий-маърифий соат”нинг кичик қисми янгиликлар ва ислоҳотларга бағишланади. Асосий қисмини эса Отабек Ҳасановнинг интервьюлари ва марказ тарғиботчиларининг узундан-узоқ чиқишлари эгаллайди.

Жума кунлари эса ходимлар бир хил миллий либосда ишга келиб, бу дастурни жамоавий томоша қилиши талаб этилар экан.

Бу маънавият эмас. Бу – ҳаммани бир хил кийинишга, бир хил нарсани кўришга ва бир хил фикрлаётгандек кўринишга мажбурлашдир.

БИР ЙИЛДАН БЕРИ ТУГАМАЁТГАН БИТТА КИТОБ ТАҚДИМОТИ

Марказдаги мажбурий томошаларнинг ўзи камлик қилгандек, президент спичрайтери Хайриддин Султоновнинг “Ялдо кечаси” китоби тақдимоти ҳам қарийб бир йилдан бери вилоятма-вилоят айлантирилаётгани айтилмоқда.

Манбага кўра, ҳокимликлар ва марказнинг ҳудудий раҳбарларидан бу тадбирлар учун 100–150 миллион сўмгача маблағ ажратиш ёки ўтказиш талаб қилинган.

Бир неча актёрни вилоятма-вилоят олиб юриб, битта китобни бир йил давомида тақдим қилиш кимга ва нима учун керак?

Китоб ҳақиқатан кучли бўлса, уни маъмурий буйруқ, мажбурий аудитория ва бюджет маблағи билан тарғиб қилиш шартми?

Манба Отабек Ҳасанов маблағ ажратишга рози бўлмаган ёки эътироз билдирган масъулларни Қаҳрамон Қуранбоев ва Хайриддин Султонов номлари билан қўрқитаётганини ҳам даъво қилмоқда.

Хуллас, гап маънавият ҳақида эмас, юқоридан берилган топшириқни сўзсиз бажартириш тизими ҳақида кетмоқда.

Бугун одамларнинг қўлида интернет, ижтимоий тармоқлар, мустақил ОАВ ва сунъий интеллект бор. Ахборот танлаш имконияти кенгайган бир пайтда ходимларни экран қаршисига тизиб қўйиш маърифат эмас – эскича маъмурий назоратдир.

Маънавият мажбурлаш билан сингдирилмайди. Адабиёт эса ҳисобот, таҳдид ва юз миллионлаб сўмлик тадбирлар билан севдирилмайди.

Отабек Ҳасанов раҳбарлигидаги марказ маънавият тарқатяптими ёки маънавият номи остида янги мажбуриятлар ишлаб чиқаряптими?

Бу самарасиз томошалар, тугамайдиган тақдимотлар ва ҳудудларга юкланаётган харажатларга қачон чек қўйилади?

Элтузар аудиода тилга олинган даъволар бўйича Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Отабек Ҳасановнинг муносабатини эълон қилишга тайёр.