“Халқ дарди” лойиҳаси асосчиси, блогер Отабек Ҳамидовга нисбатан расман товламачилик айблови қўйилгани маълум бўлди.

Элтузарга келиб тушган маълумотларга кўра, 8 май куни ЖИБ Андижон шаҳар суди ажрими билан Ҳамидовга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. У тергов давомида қамоқда сақланади.

Блогерга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми, яъни товламачилик бўйича айблов эълон қилинган.

Мазкур моддада жабрланувчи ёки унинг яқинларига босим ўтказиш, мулкига зарар етказиш билан қўрқитиш, шарманда қилувчи маълумотларни тарқатиш таҳдиди орқали мулк ёки манфаат талаб қилиш каби ҳолатлар назарда тутилган.

Бунга қадар Отабек Ҳамидовнинг Тошкент шаҳрида қўлга олиниб, Андижон вилоятига олиб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Унинг яқинларига кўра, блогер 7 май куни Тошкент шаҳар прокуратурасидан чиқиб, Олий суд томон кетаётганида ушланган. Укаси Азизбек Ҳамидовнинг билдиришича, блогернинг автомобили светофорнинг қизил чироғида тўхтаган пайтда бир нечта ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўраб олинган ва кейинчалик Андижонга олиб кетилган.

Шунингдек, 8 майга ўтар кечаси блогернинг Тошкент шаҳри Янги Ҳаёт туманидаги уйида тинтув ўтказилгани айтилмоқда. Қариндошларининг сўзларига кўра, ички ишлар ходимлари уйдан телефон ва планшетларни олиб чиққан. Оила аъзолари тинтув вақтида вояга етмаган фарзандлар қўрқитилганини ҳам иддао қилмоқда.

Блогернинг Андижон вилояти Асака туманидаги ота ҳовлисида ҳам тинтув ўтказилгани ва у ердан 14 та диск олиб кетилгани билдирилди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳужжат нусхасига кўра, Отабек Ҳамидов Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев номига ёзган билдиришномасида ўзига нисбатан бўлаётган муносабатларга норозилик сифатида очлик эълон қилганини билдирган. Шунингдек, у вазиятни Бош прокурордан шахсан назоратга олишни сўраган.

Журналист Илёс Сафаров эса ушбу ҳолат икки йил аввал юз берган баҳсли воқеа билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини ёзди. Унинг маълум қилишича, ўша пайтда номаълум аёл блогернинг яқинларига 500 доллар қолдирганидан кейин тезкор ходимлар келиб, пулни ашёвий далил сифатида олиб кетган.

Ҳамидовнинг яқинлари блогер ушбу пуллардан мутлақо бехабар бўлганини таъкидламоқда.

Яқинларининг айтишича, Отабек Ҳамидов тергов жараёнида “Миранда қоидаси”дан фойдаланиб, ҳозирча кўрсатма бермасликка қарор қилган.

“Миранда қоидаси” – қўлга олинган шахс ўзини ўзи айблашга мажбур эмаслиги ва адвокат иштирокисиз кўрсатма бермаслик ҳуқуқига эга эканини англатувчи ҳуқуқий тамойилдир.

Отабек Ҳамидов сўнгги олти йил давомида “Халқ дарди” лойиҳаси орқали ижтимоий муаммолар ва маҳаллий амалдорлар фаолиятини ёритиб келган. Унинг YouTube саҳифасида қарийб 70 минг обуначи бор.

Ҳозирча ҳуқуқ-тартибот идоралари блогерга қўйилган айбловлар, очлик эълони ва тинтувлар юзасидан батафсил расмий баёнот бермади.