Ўзбекистонда яна бир ўқувчи тақдири билан боғлиқ муаммо юзага чиқди. Тошкентлик фуқаро Надира Юнусованинг Элтузарга мурожаат қилишича, унинг ўғли Мирпўлатов Мирусмон бир неча йилдан буён таълим электрон базасига киритилмаётир.

Маълум қилинишича, Мирусмон 2021 йилда В.А. Успенский номидаги ихтисослаштирилган мусиқа мактабига имтиҳон асосида қабул қилиниб, 4-синфгача шу ерда таҳсил олган. Кейинчалик у 59-сонли умумтаълим мактабига кўчирилган.

Бироқ 2026 йил февраль ойида 59-мактаб маъмурияти ўқувчининг электрон таълим базасида мавжуд эмаслигини маълум қилган. Мактаб томонидан бу ҳолатни аввалги таълим муассасаси – Успенский номидаги мактаб ҳал қилиши лозимлиги айтилган.

Онаси Надира Юнусованинг сўзларига кўра, ушбу масала юзасидан у қатор давлат идораларига мурожаат қилган. Жумладан, Маданият вазирлиги, Таълим вазирлиги, Президент Халқ қабулхонаси, Бош прокуратура ва бошқа ташкилотларга бир неча бор ариза юборилган.

«Ҳамма жойдан бир хил жавоб келяпти: “мурожаатингиз кўриб чиқилмоқда”. Лекин амалда ҳеч қандай натижа йўқ. Ўқув йили тугаяпти, болам ҳали ҳам базага киритилмаган», – дейди мурожаатчи.

Мутахассислар таъкидлашича, бундай ҳолат ўқувчининг таълим жараёнида жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин. Хусусан, синфдан-синфга ўтиш, расмий ҳужжатлар расмийлаштириш ва кейинги таълим босқичларига қабул қилишда тўсиқлар юзага келади.