ТАЪЛИМ ТИЗИМИДАГИ ЖИНОИЙ МАЖБУРИЙ МЕҲНАТ ҚАЧОН БАРҲАМ ТОПАДИ?
Ўқитувчиларни таъмирдан чиққан мактабларни тозалашга мажбурий жалб этиш Меҳнат кодексига мутлақо зид. Мақолада педагогларнинг меҳнат ҳуқуқлари, мажбурий меҳнатнинг жиноий моҳияти ва таълим тизимидаги системавий муаммолар ёритилади.
Ўқитувчиларни таъмирдан чиққан мактаб биносини тозалаш ишларига мажбуран жалб қилиш меҳнат қонунчилиги талабларига зид.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 140-моддасига кўра, ходимни бошқа ишга доимий ўтказишга фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади. Вақтинча бошқа ишга ўтказиш ҳам умумий қоидага кўра ходимнинг розилиги билан амалга оширилади.
Шунингдек, меҳнат шартномасида ходимнинг меҳнат вазифаси, яъни мутахассислиги, малакаси ва лавозими белгиланади. Демак, педагог билан тузилган меҳнат шартномасида назарда тутилмаган фаррошлик, хўжалик ёки қурилишдан кейинги тозалаш ишларини унга мажбуран юклаш мумкин эмас. Бу ишларни бажариш ўқитувчининг педагогик меҳнат вазифасидан ташқарида бўлса, иш берувчи уларни «директорнинг топшириғи» деб мажбуран юклолмайди.
Ҳозирда, ремонтдан кейинги цемент, бўёқ, қурилиш чиқиндиларини йиғиш, пол ва деразаларни ювиш каби ишларни ўқитувчилар қилиб юрибди. Нима қилсин шўрликлар – ўқув йили бошида дарс соати учун барча топшириқни бажаришга мажбур улар.
Асли бундай ишлар махсус меҳнат вазифасига эга бўлган хўжалик ходимлари, жумладан фаррошлар томонидан бажарилиши лозим.
Бундан ташқари, Меҳнат кодексида ходимнинг меҳнатни муҳофаза қилиш ҳуқуқлари ҳам кафолатланган. Ходим ўз ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солаётган ишни бажаришни рад этиш ҳуқуқига эга (358-модда).
Ўқитувчи фаррош эмас. Педагогни ўзининг меҳнат вазифасига кирмайдиган фаррошлик ва ремонтдан кейинги тозалаш ишларига мажбуран жалб қилиш қонуний эмас. Бундай топшириқни бажаришдан бош тортган ўқитувчига нисбатан фақат ушбу топшириқни бажармагани учун интизомий босим ўтказиш – жиноят.
Солиқларимиз ривожланган давлатларникидан кам эмас. Нега таълим тизими йилдан йилга ёмонлашяпти? Бир синфда 40 тагача ўқувчи ўтириши ҳам асли янги штат очмаслик учун топилган «чора». Энидан ҳам, бўйидан ҳам кесилаётган таълим бюджетини ямаб, ўқитувчини мажбурий меҳнатдан қутқаришга наҳот отнинг калласидек солиқларимиз етмаса?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг