“Омонатларни кафолатлаш” агентлигида жамоанинг раҳбардан норозилиги ортиб бормоқда.

Элтузарга юборилган кўплаб мурожаатларида жамоа вакиллари бу идорага раҳбар тайинлашда қандай мезонларга таянилганини сўроқлашмоқда.

Номзоднинг тажрибаси, ҳалоллиги, бошқарув қобилияти, аввалги иш фаолияти қанчалик чуқур ўрганилди? Агентлик жамоаси ҳам раҳбар тайинловида қариндошчилик асосида манфаатлар тўқнашуви юз берганини таъкидлашяпти.

Маълумотларга кўра, Марказий Банк тизимидаги юқори лавозимли шахс – Аброр Турдалиевнинг сай ҳаракатлари билан ҳолаваччаси «Омонатларни кафолатлаш» агентлигига раҳбар этиб тайинланган.

“Омонатларни кафолатлаш” агентлигида янги раҳбар тайинловидан сўнг айтарли ижобий ўзгаришлар бўлмаган. Иддаоларга кўра қандай ислоҳотлар амалга оширилгани, қанча маблағ сарфлангани номаълум.

Бошқа томондан, Элтузар ҳам бу шикоят қай даражада асосли эканини аниқ далиллай олмайди. Мурожаат агентликнинг эски раҳбарияти томонидан ёки ўзгаришлар сабаб ноқулай аҳволга тушаётган масъул ходимлар томонидан йўлланган бўлиши мумкин, деган эҳтимолни инкор этмаймиз.

Шу билан бирга бундай муҳим давлат тузилмасига тайинлов қайси шарт-шароитда юз берди? Непотизм ва манфаатлар тўқнашуви борасидаги иддаолар қанчалик ўринли? Масъул органлардан шу масалага эътибор қаратишни сўраймиз.