ОЛМАЛИҚ ДАВЛАТ ТЕХНИКА ИНСТИТУТИНИНГ МУҲИТИ АВТОКРАТИЯНИ ЭСЛАТАДИ
Олмалиқ давлат техника институтида кадрлар сиёсати ва бошқарув услубидан норозиликлар кучайган. Собиқ раҳбарга қўйилган айбловлар тасдиқланмаган бўлса-да, институт муҳитининг «автократик» тус олгани ҳақида гаплар урчимоқда.
Олмалиқ давлат техника институтида кадрлар ва бошқарув сиёсати жамоанинг жиддий эътирозларига сабаб бўлмоқда. 2025 йил февраль ойидан бошлаб собиқ раҳбар А. Самадов фаолияти юзасидан турли айбловлар илгари сурилди. Кейинчалик ўтказилган текширувларда мазкур айбловлар тасдиқланмагани, молиявий қонунбузилиш ҳолатлари аниқланмагани маълум. Шунга қарамай, 2025 йил ноябрь ойида раҳбар лавозимидан озод этилган.
Маълумотларга кўра, ушбу жараёнларда институтнинг ёшлар бўйича маслаҳатчиси Фозилов Азамат Ахматжанович «фаол иштирок этган». Унинг ташаббуси билан ходимлар ва талабалар билан суҳбатлар, текширувлар ўтказилгани таъкидланмоқда.
Ҳозирда институт ректори лавозимида Ўткир Ҳаликулов фаолият юритмоқда. Унинг тайинлови атрофида турли миш-мишлар тарқалган бўлса-да, расмий манбалар бу ҳақида муносабат билдиришмади.
Ходимлар институтдаги муҳит, бошқарув услуби ва назорат масалалари юзасидан норозиликлар билдирилмоқда. Хусусан, хизмат текширувлари, интизомий чоралар ва тизмий муносабатлар шаффоф эмас.
Вазиятга ойдинлик киритиш учун расмий текширув натижалари ва асосланган маълумотлар жамоатчиликка очиқ эълон қилиниши мақсадга мувофиқ бўлади. Бироқ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ушбу заруратни инобатга олиб, текширув ўтказадими?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг