Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳри Чамбил маҳалласи аҳолиси йиллардан бери қаровсиз қолган ер майдони чиқиндихонага айланиб, маҳалла учун экологик, санитария ва ёнғин хавфини туғдираётганини айтмоқда. Фуқаролар вилоят миқёсидаги бир қатор масъул идоралардан вазиятни жойига чиқиб ўрганиш ва амалий чора кўришни сўраган.

Элтузарга келиб тушган мурожаатга кўра, гап Чамбил МФЙ, Чамбил кўчасидаги собиқ металл каркасли иссиқхона ўрни ҳақида бормоқда.

Мурожаат муаллифларининг айтишича, ер майдони узоқ йиллардан бери эгаси томонидан қаровсиз қолдирилган. Натижада ҳудудни одам бўйи ёввойи ўтлар ва тиканлар босган, эски парникдан қолган йиртилган пластик ва целлоф чиқиндилари атрофга сочилиб ётибди.

Аҳоли бу жой амалда очиқ осмон остидаги чиқиндихонага айланганини иддао қилмоқда.

Фуқароларнинг энг катта хавотирларидан бири – ёнғин хавфи.

Мурожаатда қайд этилишича, ёзда қуриб қолган қалин ўтлар ва пластик материаллар кичик бир учқундан ҳам ёниб кетиши мумкин. Ер майдони турар-жойларга яқин бўлгани учун эҳтимолий ёнғин қўшни хонадонларга тарқалишидан хавотир билдирилган.

Шунингдек, аҳоли ҳудуддаги чиқиндилар ва қалин ўт-ўлан санитария ҳолатини кескин ёмонлаштиргани, бу эса яқин атрофда яшовчилар, айниқса болалар учун хавф туғдириши мумкинлигини айтмоқда.

Мурожаатчилар ердан фойдаланиш ҳолатини ҳам текширишни талаб қилган. Улар мазкур майдондан узоқ вақт давомида мақсадли фойдаланилмаган бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, кадастр ва ҳокимлик органларидан ернинг ҳуқуқий мақоми, эгаси ва ундан амалда қандай фойдаланилаётганини аниқлашни сўрамоқда.

Шикоятда ер, экология, санитария, ёнғин хавфсизлиги ва солиқ қонунчилигига оид бир қатор нормалар ҳам келтирилган. Жумладан, мурожаат муаллифлари қаровсиз ва мақсадсиз фойдаланилаётган ерларга нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар, жумладан солиқ ставкаларини ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилиши кераклигини билдирган.

Чамбил кўчаси аҳолиси Тошкент вилояти ҳокимлиги, вилоят Экология бошқармаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда Давлат кадастрлари палатасининг вилоят бошқармасидан вазиятга расмий муносабат ва амалий чора кутмоқда.

«Атроф-муҳитни асраш барча фуқароларнинг бурчи. Мутасаддилар мурожаатимизга қоғозда эмас, амалда жавоб беришини кутамиз», дея таъкидлаган мурожаатчилар.