ВАЗИРДАН ТОРТИБ РЕКТОРГАЧА – ОЛИЙ ТАЪЛИМ ТИЗИМИДА БАРЧА РАҲБАРЛАР ИҚТИСОДИЙ ЖИНОЯТЧИ
Ўзбекистонда олий таълим раҳбарлари профессор-ўқитувчиларни ҳомий топиш, тижорат шартномалари тузиш ва инвестиция жалб қилишга мажбурламоқда. Муаллиф бу талаблар ноқонуний экани ва таълим сифатига қаттиқ зарба бераётганини танқид қилади.
Ҳеч қайси давлатда университет ўқитувчисига ғазнага ташқаридан пул топиб кел деган шарт қўйилмайди. Илтимос, АҚШ профессорлари йирик корпорациялардан миллионлаб долларлик грантлар олади, деган мисолларни келтирманг. Ўзбекистонда бундай миқёсдаги хусусий сектор ҳам, университетларни қўллаб-қувватлайдиган бизнес муҳити ҳам шаклланмаган.
Демак, саводсиз ректорлар фикрича, ҳомий топишга, тижорат қилишга, инвестицияга ўқитувчи мажбур. Бугун профессор-ўқитувчилардан ҳомий топиш, тижорат шартномаси тузиш, инвестиция жалб қилиш талаб этилмоқда. Аслида эса бу вазифалар университет раҳбарияти, ривожлантириш ва инвестициялар билан шуғулланувчи тузилмалар зиммасида бўлиши керак.
Муҳандислик, математика, физика ёки фалсафа ўқитувчиси нега ҳомий қидириши керак? Унинг вазифаси сифатли дарс бериш, илмий тадқиқот билан шуғулланиш ва талабадан яхши мутахассис тайёрлаш. Вассалом.
Янгидан-янги иқтисодий талаблар меҳнат шартномасида ҳам, лавозим йўриқномасида ҳам, университетнинг ички меъёрий ҳужжатларида ҳам назарда тутилмаган. Шунга қарамай, ўқитувчи дарсга тайёргарлик кўриш ўрнига эшикма-эшик юриб ҳомий қидиришга мажбур бўлади. Илмий мақола ёзиш ўрнига тижорат шартномаси қилишнинг йўлини излайди.
Олий таълимнинг асосий вазифаси охирги даражага тушиб қолди. Ўқитувчининг ошган икки қуруш ойлиги университет ҳаражатларидан ортмаяпти.
Университет ўзини молиялаштириш учун маблағ жалб қилиши зарур бўлса, бунинг учун махсус бўлимлар, профессионал менежерлар ва инвестиция ҳамда фандрайзинг билан шуғулланадиган профессионал мутахассислар ёлланиши керак. Бу вазифани профессор-ўқитувчи зиммасига юклаш тизимдаги бир топшириқни бошқа бировнинг елкасига ортишдан бошқа нарса эмас.
Профессор-ўқитувчидан энг аввало яхши дарс, сифатли илм ва рақобатбардош битирувчи талаб қилиш керак. Ҳомий топиш эса тўрт-беш баробар устама олаётган раҳбарларнинг вазифаси. Вазир жаноблари бу ташаббуслар ўқитувчиларни соҳтакорликка ундаётганидан хабари борми?
Мамлакат бўйлаб барча ОТТлар профессор-ўқитувчилари ноқонуний иқтисодий талабларни Элтузарга хабар қилинг. Бу масалани кенг жамоатчилик муҳокамасига чиқариш шарт.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг