Олий суд таркибида суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва олдини олишга қаратилган Комплаенс назорати хизмати ташкил этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишга оид тақдимот билан танишув чоғида маълум қилинди.

Янги хизмат тўғридан-тўғри Олий суд раисига бўйсунади. У ҳудудий судларда фаолият юритадиган комплаенс инспекторларини ҳам ўз ичига олади.

Комплаенс хизмати суд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини олиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, қонунчилик ва касб этикаси талабларига риоя этилишини назорат қилиш билан шуғулланади. Шунингдек, хизмат коррупциявий хавф-хатарларни аниқлайди, баҳолайди ва уларнинг сабабларини бартараф этиш бўйича чоралар кўради.

Тақдимотда қайд этилганидек, суд тизимида нафақат судьялар, балки қарийб 4,8 минг нафар суд аппарати ходимларининг ҳалол ва пок фаолият юритиши ҳам доимий эътиборда бўлиши лозим.

Шу мақсадда суд аппаратида хавфи юқори бўлган лавозимлар рўйхати тасдиқланади. Хавф даражаси юқори жараёнлар рақамлаштирилиб, инсон омилини камайтириш чоралари кўрилади.

Судьялар ҳамда суд аппарати ходимлари учун манфаатлар тўқнашуви, даромад ва мол-мулк декларацияларини тақдим этиш ҳамда таҳлил қилишнинг автоматлаштирилган электрон тизими жорий этилади.

Бундан ташқари, коррупция, шубҳали схемалар ва интизом бузилишларига олиб келувчи хавфларни аниқлашга қаратилган электрон ахборот тизимлари ишга туширилади. Коррупция ҳолатлари ҳақида хабар берган ходимларни ҳимоя қилиш ва фуқаролар учун хавфсиз алоқа каналларини яратиш муҳимлиги таъкидланди.

2026 йил якунига қадар суд тизимида коррупцияга қарши барқарорлик бўйича диагностика ўтказилади. Судьяликка номзодларни тайёрлаш жараёнида уларнинг шахсий-профессионал ва коррупцияга қарши барқарорлигини баҳолаш амалиёти ҳам йўлга қўйилади.

Шунингдек, суд ишларини автоматик тақсимлаш дастури такомиллаштирилади. Ишларни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш мезонлари аниқ белгиланиб, жараён шаффофлиги таъминланади.

Суд аппаратига ишга қабул қилиш тизими ҳам янгиланади. У очиқ танлов, шаффоф тартиб-таомиллар ва меритократия тамойиллари асосида ташкил этилади. Номзодларнинг касбий, маънавий-ахлоқий ва ҳалоллик сифатларини баҳолашнинг замонавий тизими жорий қилинади.

Ходимлар учун манфаатлар тўқнашувига сабаб бўлиши мумкин бўлган фаолият билан шуғулланиш, тадбиркорлик қилиш ва чет элда ҳисобварақ очиш каби чекловлар ҳам назарда тутилади.

Тақдимотда суд аппарати ходимлари учун ихтисослашган хизмат кийимини жорий этиш таклифи ҳам кўриб чиқилди. Бу хизмат интизоми, масъулият ва этика маданиятини мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев суд тизимида шаффофлик, ҳалоллик ва адолат муҳитини мустаҳкамлаш аҳолининг суд ҳимоясига бўлган ишончини оширишда муҳим омил эканини таъкидлади. Давлат раҳбари таклифларни пухта ишлаб чиқиш ва комплаенс хизматига малакали кадрларни жалб этиш бўйича кўрсатмалар берди.