22 май куни Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди Олим Сулаймонов фойдасига Миграция агентлигидан навбатдаги иш ҳақи ва зарарларни ундириш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда Сулаймоновнинг адвокати Сайдали Мухторалиев маълум қилди.

Адвокатнинг ёзишича, мазкур қарор меҳнат низоси бўйича давом этаётган суд жараёнларининг навбатдаги босқичи ҳисобланади.

«Бугун ҳимоямиздаги Олимжон Сулаймонов фойдасига Миграциядан пул ундириш ҳақида яна суд қарори чиқди. Бу навбатдаги пул ундируви. Токи суднинг ишга тиклаш ҳақидаги қарори ижро қилинмас экан, суд бу даврларга иш ҳақи ундириб бераверади. Меҳнат кодексининг 569-моддаси талаби шундай. Бугун ФИБ Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси Ойдин Тошкулова навбатдаги адолатли қарорини эълон қилди», деб ёзди Сайдали Мухторалиев ўз телеграм саҳифасида.

Низо 2025 йил май ойидаги суд қарори билан бошланган. Ўша пайтда суд Олим Сулаймоновни ишга тиклаш, мажбурий прогул даври учун иш ҳақи, компенсация, маънавий зарар ва адвокат харажатларини ундириш ҳақида қарор чиқарган. Қарор қонуний кучга кирганига қарамай, даъвогар томонининг таъкидлашича, у тўлиқ ижро этилмаган.

Шундан сўнг, ишга тиклаш қарори бажарилмаган давр учун қўшимча иш ҳақи ундириш бўйича яна судга мурожаат қилинган. Натижада 2025 йил ноябрь ойигача бўлган давр учун ҳам Сулаймонов фойдасига қўшимча маблағ ундириш ҳақида қарор қабул қилинган.

22 май куни эълон қилинган янги қарор эса 2025 йил ноябридан 2026 йил апрель-май ойларигача бўлган даврни қамраб олган. Даъвогар томони маълумотига кўра, бу қарор билан ҳам Миграция агентлигидан иш ҳақи ва моддий-маънавий зарар ундириш белгиланган.

Олим Сулаймоновнинг айтишича, ҳозирга қадар турли суд қарорлари билан ишга тиклаш ва тўловлар ҳақида бир неча ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, умумий талаб ва ундирув суммалари 700 миллион сўмдан ошган.

Сулаймонов шу каби муаммога дуч келган бошқа ходимлар ҳам борлигини таъкидлаб, турли давлат идоралари ва мутасаддиларга мурожаат қилинаётганини билдирди.

Ҳозирча Миграция агентлиги мазкур қарорлар ижроси ва даъвогар билдирган иддаолар юзасидан расмий муносабат билдирмаган.

Маълумот учун, собиқ депутат Олим Сулаймонов бир муддат аввал Тошкент вилояти миграция бўлимида ишлаган, аммо қисқа вақт ичида ишдан озод этилган. Шу воқеадан кейин у айрим ижтимоий масалалар бўйича жамоатчилик олдида фаол баёнотлар бергани кузатилган.

У айниқса Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевни бир неча бор кескин танқид қилиб чиққан эди. Кузатувчилар фикрига кўра, айнан Зойир Мирзаев билан бўлган келишмовчилик кейинчалик Олим Сулаймоновнинг ишдан бўшатилиши билан якунланди.

Хўш, нега Миграция Агентлиги суд ҳукмини бажармаётир? Агентликда маошни тўлаш учун маблағ йўқми ёки унга юқоридан босим бўляптими?