ОКМКДАГИ ЖАРОҲАТ НЕГА 6 ЙИЛ ЯШИРИЛДИ?
Олмалиқ кон-металлургия комбинатига қарашли Рух заводи ишчиси Зокиржон Қурвонбоев 2019 йилда иш вақтида жароҳат олган, аммо бу ҳодиса 6 йилдан бери ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса сифатида расмийлаштирилмагани ва суд қарорлари ижро этилмаётганини айтмоқда.
Элтузарга Олмалиқ кон-металлургия комбинатига қарашли Рух заводида ишлаб келган Зокиржон Қурвонбоевдан мурожаат келиб тушди. Унинг айтишича, 2019 йил 23 апрель куни иш вақтида тан жароҳати олган, бироқ бу ҳолат йиллар давомида корхона раҳбарияти томонидан ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса сифатида расмийлаштирилмаган.
Мурожаат муаллифига кўра, ҳодиса ОКМК Рух заводида содир бўлган. У иш жараёнида жароҳат олганини, аммо корхона бу ҳолат бўйича “Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ва саломатликка бошқа хил зарар етказилиши тўғрисида”ги Н-1 шаклдаги далолатномани тузмаганини таъкидлайди. Айнан шу далолатнома ишчининг кейинчалик ногиронлик, компенсация, даволаниш харажатлари ва меҳнат фаолияти билан боғлиқ зарар тўловларини талаб қилиши учун асосий ҳужжат ҳисобланади.
Элтузарга тақдим этилган суд ҳужжатларига кўра, фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро суди 2025 йил 14 мартда Зокиржон Қурвонбоев даъвосини қаноатлантирган. Суд қарори билан «Олмалиқ КМК» АЖ зиммасига Зокиржон Қурвонбоевнинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда олган тан жароҳати юзасидан Н-1 шаклдаги далолатномани тузиш ва тасдиқлаш мажбурияти юклатилган.
Шундан кейин ОКМК ушбу қарор устидан апелляция шикояти берган. Тошкент вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати 2025 йил 28 ноябрда ишни кўриб, биринчи инстанция қарорини қисман ўзгартирган: Қурвонбоевга етказилган зарар тўловларини тўлаш мажбурияти ҳақидаги қисм бекор қилинган. Аммо бахтсиз ҳодиса юзасидан Н-1 далолатномасини тузиш ва тасдиқлаш мажбурияти ўз кучида қолган.
2026 йил 18 февралдаги қўшимча ажримда ҳам шу ҳолат яна бир бор аниқлаштирилган: Оҳангарон туманлараро судининг 2025 йил 14 мартдаги ҳал қилув қароридаги Н-1 шаклдаги далолатномани тузиш ва тасдиқлаш қисми ўзгаришсиз қолдирилган.
Бироқ мурожаат муаллифининг айтишича, суд қарорлари кучга кирганига қарамай, ОКМК ва Мажбурий ижро бюроси бу қарор ижросини таъминлашда сусткашлик қилмоқда. Унинг таъкидлашича, ортиқча вақт ўтаётгани сабабли у ногиронликни расмийлаштириш, жароҳати учун компенсация ҳамда даволаниш харажатларини ундириш имкониятидан маҳрум бўлиб келмоқда.
“Кўплаб давлат идораларига бир неча маротаба мурожаат қилдим, аммо натижа бўлмади. Илтимос, ёрдам беринглар”, дейилади Элтузарга йўлланган мурожаатда.
Суд Н-1 далолатномасини тузиш мажбуриятини ОКМК зиммасига юклаган бўлса, нега бу қарор ҳануз ижро этилмаяпти? Агар ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ҳақидаги ҳужжат расмийлаштирилмаса, ишчи ўзининг кейинги қонуний ҳуқуқларини қандай амалга оширади?
Элтузар мазкур ҳолат юзасидан «Олмалиқ КМК» АЖ, Мажбурий ижро бюроси ва мутасадди идоралардан изоҳ кутади. Расмий муносабат тақдим этилса, эълон қилинади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг