Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг туман ва шаҳарлардаги мутахассислари иш ҳақи, штат бирликлари ҳамда байрам пуллари тақсимотидан норозилик билдиришмоқда.

Тизимда мукофот, байрам пули ва янги штатлар асосан қўмита ҳамда бошқармаларга берилади, штат қисқартириш ва тўловлардан маҳрум қилиш эса туман-шаҳарлардаги қуйи бўғин ходимларига тўғри келади.

Хусусан, 2025 йил октябр ойида қўмита тизимида 20 та штатни қисқартириш топшириғи берилган. Аммо қисқартириш марказий аппарат ёки бошқармаларда эмас, балки туман-шаҳарларда бир ставкада ишлаётган бош мутахассисларни ярим ставкага тушириш ҳисобига амалга оширилди.

Барча юмуш, масъулият ва жазо ҳам, ҳатто штат қисқартирилиши ҳам қуйи тизим ходимлари чекига тушмоқда. Асосий амалий ишни бажарадиган мутахассислар айнан туман ва шаҳарларда фаолият юритади, аммо рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашда улар доимгидек эътибордан четда қолади.

Масалан, ҳайит байрами муносабати билан кўплаб бюджет ташкилотларида ходимларга моддий рағбатлантириш берилди, қўмита тизимида эса “пул йўқ” деган важ билан байрамлик мукофот тўлаб берилмади.

Қуйи тизим ходимлари Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда тегишли бошқармалардан маош, штат қисқартириш ва байрам пуллари тақсимоти юзасидан изоҳ беришни сўрайди. Изоҳ ўрнига сукунат бўлиши тайин. Эслатиб ўтамиз, қўмита раиси айни дамда бош вазир ўринбосари ҳам. Зулайҳо апка Маҳкамова, сон-саноқсиз зум майлисларда қўмита ходимларининг маоши масаласини ҳам кўриб чиқинг.